АI контентлар нега инсонни фикрлашдан узоқлаштирмоқда?
Кундан-кунга ижтимоий тармоқлардаги бир неча сониялик видеолар инсон онгини эгаллаб бормоқда. Айниқса, сунъий интеллект ёрдамида яратилаётган қисқа “инста-сериаллар” тобора оммалашаётгани замонавий медиа маконининг янги ҳодисасига айланди. Бир қарашда оддий кўринган бу видеолар миллионлаб кўрилмоқда, минглаб обуначиларни ўзига жалб қилиб, интернет аудиториясининг катта қисмини эгаллаб бормоқда. Аммо масаланинг энг муҳим томони бу контентлар инсон тафаккури, диди ва маънавий қарашларига қандай таъсир кўрсатмоқда?
Аввалига АI орқали яратилган кулгили расмлар ёки ноодатий видеолар интернет фойдаланувчилари учун шунчаки қизиқарли тажриба эди. Орадан кўп ўтмай эса бу технология бутун бошли “мини сериаллар” яратадиган воситага айланди. Бугун тармоқларда хиёнат, ўғрилик, сотқинлик, бойлик талашуви каби сунъий драматизмга қурилган видеолар кетма-кетлиги жуда тез тарқалмоқда.
Энг қизиғи, бундай видеоларнинг аксарияти мантиқан саёз бўлса-да, одамлар уларни катта қизиқиш билан кузатмоқда. “Давоми қачон чиқади?”, “Буни телевизорга қўйиш керак!”, “Кейинги қисмни кутяпмиз” каби изоҳлар остида кўрилмоқда. Бу эса нафақат контент яратувчиларининг, балки томошабин дидининг ҳам ўзгариб бораётганини кўрсатади.
АI мутахассислари эса айнан шу оддий формуладан фойдаланиб катта аудитория тўпламоқда. Чунки алгоритмлар инсоннинг қизиқиш, ҳайрат, ғазаб ёки ачиниш туйғуларига босим ўтказадиган сюжетларни тез илғаб олади. Натижада контент сифат эмас, реакцияга хизмат қила бошлайди.
Аслида сунъий интеллектнинг ривожланиши салбий ҳодиса эмас. Аксинча, АI анимация, дизайн ва медиа соҳасига янги имкониятлар олиб кирмоқда. Илгари катта студиялар ва кўп маблағ талаб қилган ишларни эндиликда оддий фойдаланувчи ҳам амалга ошира оляпти. Бу ижодкорлик учун катта имконият. Аммо муаммо технологиянинг ўзида эмас, ундан қандай фойдаланишдадир.
Бугунги АI контентларининг катта қисми инсон тафаккурини бойитиш эмас, уни энг содда ҳиссиётлар билан ушлаб туришга қаратилган. Бир хил сюжет, бир хил конфликт ва деярли бир хил якунлар такрорланаверади.
Масалан, хиёнат қилган рафиқа, кўролмас қўшни ёки яқин инсоннинг сотқинлиги - барчаси сунъий драматизм асосида қурилган воқеалар. Уларнинг аксарида ҳаётий мантиқ ҳам, тарбиявий хулоса ҳам мавжуд эмас…
Ҳар қандай медиа маҳсулот аудитория талабига қараб шаклланади. Агар саёз контент миллионлаб кўрилаётган бўлса, албатта, шунга ўхшаш видеолар яна ва яна яратилади. Чунки алгоритм сифатни эмас, оммавий реакцияни рағбатлантиради. Энг хавотирли жиҳати шундаки, бугунги томошабин тобора чуқур фикрлашдан узоқлашиб бормоқда. Бир неча дақиқалик видео ичида содда можаро, баланд мусиқа ва ноодатий қаҳрамонлар етарли бўлиб қолмоқда. Инсон мияси тез истеъмол қилинадиган контентга ўрганиб, мулоҳаза қилишга эринётгандек гўё.
Бир вақтлар ғарб мультфильмлари ёки айрим хорижий анимациялар устидан “менталитетга зид”, “тарбиявий эмас” дея кескин баҳслар бўларди. Аммо ўша танқид қилинган мультфильмларнинг ўзида ҳам маълум бир ғоя, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги кураш, ахлоқий хулоса мавжуд эди. Ҳатто сифатсиз деб танқид қилинган баъзи ўзбек мультфильмларда ҳам инсоний қадриятлар тарғиб қилинарди.
Бугунги АI сериалларида эса кўпинча на мазмун, на тарбия, на ғоя мавжуд. Фақат томошабинни ушлаб қолиш учун яратилган сунъий драма бор.
Албатта, интернет эркин майдон. Ким нима кўришни истаса, ўшани томоша қилади. Аммо оммавий аудиторияга мўлжалланган ҳар қандай маҳсулот маълум даражада ижтимоий таъсир кучига эга. Айниқса, ёш авлоднинг онгига кириб бораётган контентлар яратувчилардан масъулият талаб қилади.
Ҳар бир видео катта фалсафий асар бўлиши шарт эмас. Лекин ҳеч бўлмаганда инсонни фикрлашга ундаши, янги қараш бериши ёки ижобий ҳиссиёт уйғотиши керак. Акс ҳолда, сунъий интеллект инсон тафаккурини ривожлантирувчи восита эмас, уни жўнлаштирувчи воситага айланиши мумкин.
Ҳозир медиа оламида энг катта муаммо технологиянинг кучайгани эмас, инсоннинг танлов мезонлари пасайиб бораётганидадир. Чунки талаб бўлмаган жойда сифатли таклиф ҳам яшаб қола олмайди. Сунъий интеллект инсоният тарихидаги энг катта технологик бурилишлардан бири бўлиб қолади. У санъат, кино, анимация ва медиа оламига улкан имкониятлар эшигини очмоқда. Аммо ҳар қандай технология сингари унинг қадри ундан қандай фойдаланилишига боғлиқ.
Агар АI фақат сенсация, жўн драма ва мантиқсиз сюжетлар ишлаб чиқаришга хизмат қилса, бу инсон дидининг таназзулини тезлаштиради. Аммо у мазмунли, тарбиявий ва сифатли контент яратишга йўналтирилса, жамият учун фойдали воситага айланиши мумкин. Шундай экан, бугунги энг муҳим савол технология қанчалик ривожланаётгани эмас, балки инсон ўзи нимани томоша қилишни танлаётганидадир.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА