Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш – устувор вазифа
Мамлакатимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, соҳа инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда ҳудудларда сув таъминотини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу борада сўнгги йилларда йирик инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилиб, миллионлаб аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланмоқда, мавжуд тармоқлар эса босқичма-босқич янгиланмоқда.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда айнан шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда Республикамизда 38 миллион аҳолининг 82,8 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган аҳолининг 5,9 фоизи сув ташиш хизматлари орқали, 11,3 фоизи эса муқобил манбалардан фойдаланиб келмоқда.
Сўнгги 9 йил давомида соҳани ривожлантириш учун жами 35 триллион сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, унинг 58,4 фоизи сўнгги уч йил ҳиссасига тўғри келади. Ушбу маблағларнинг 55 фоизи Республика бюджети маблағлари, 45 фоизи эса халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига шакллантирилган.
Мазкур сармоялар асосида 3,6 мингдан ортиқ сув иншоотлари барпо этилди ва 42 минг километрдан зиёд тармоқлар тортилди. Натижада 789 та маҳалладаги 7,7 миллион аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди, яна 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, 1,1 миллион аҳоли оқова сув тизимларига уланди.
Брифингда қайд этилишича, ҳудудларда амалга оширилган йирик лойиҳалар соҳадаги ислоҳотларнинг амалий натижаларини яққол намоён этмоқда.
Жумладан, “Тўпаланг” сув омбори негизида амалга оширилган лойиҳа доирасида Термиз шаҳригача 246 километр магистрал тармоқлар тортилди. Сариосиё туманида қуввати 200 минг куб метр бўлган сув тозалаш иншооти ҳамда қатор туманларда 8 та сув тақсимлаш иншоотлари барпо этилди. Бунинг натижасида Термиз шаҳри ва вилоятнинг 10 та туманидаги 137 та маҳаллада яшовчи 541,8 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланди.
Жиззах вилоятида Зарафшон дарёси сувларидан самарали фойдаланиш орқали Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳридаги 286 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда ҳам қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, Осиё тараққиёт банки иштирокида Тошкент вилоятидаги “Қодирия” сув иншооти реконструкция қилиниб, Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларидаги 265 минг аҳолининг сув таъминоти барқарорлаштирилди, 8 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик сувига эга бўлди.
Маълумот берилишича, жаҳон банки иштирокида Бухоро вилоятида амалга оширилган лойиҳа доирасида “Двойник” сув тозалаш иншооти реконструкция қилиниб, Олот ва Қоракўл туманларидаги қарийб 280 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди.
Қашқадарё вилоятида эса “Ҳисорак” сув омбори сувларидан фойдаланиш орқали йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг натижасида вилоятда ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 80 фоизга етказиш режалаштирилган.
2026 йилда ҳам соҳадаги ишлар изчил давом эттирилади. Хусусан, 1,2 триллион сўм бюджет маблағлари ва 500 миллион доллар халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 2,1 минг километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда 88 та сув иншоотини қуриш белгиланган.
Бу ишлар натижасида 97 та маҳалладаги 310 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади, 176 та маҳалладаги 2,18 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади. Шу орқали аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 83,8 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.
Қайд этилишича, 2035 йилгача мўлжалланган стратегия доирасида Республика аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 93 фоизга, оқова сув хизматлари қамровини эса 32 фоизга етказиш режалаштирилган.
Нилуфар Бозорова, ЎзА