Аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида
Навоий вилояти том маънода ўзгаришлар, бунёдкорлик ва ислоҳотлар майдонига айланган. Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи чоғида амалга ошириладиган ҳар бир ислоҳот, аввало, инсон қадр-қиммати, шаънини янада юксалтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаган эди. Бугун жойларда кенг кўламда қулоч ёзиб, халқ розилиги йўлида амалга оширилаётган ишлар оддий одамлар ҳаётида ўз аксини кўрсатмоқда.
Таъкидланганидек, келгуси йилларда вилоятимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар давом этади. Хусусан, 30 минг оилага мўлжалланган 350 кўп қаватли уйлар барпо этилади. 45 минг оила истиқомат қиладиган 1200 кўп қаватли уйлар таъмирланади.
Аслида, бу рақамлар бир қараганда оддий туюлар. Аммо бу рақамларнинг ижтимоий аҳамияти нақадар улуғвор эканлигини тўрт-беш оила бир хонадонда истиқомат қилган кишилар теранроқ англайди. Зеро, ҳаётда кишига ўз уйи, бошпанаси, ором оладиган, кўнгил тортар маскани бўлишидан ортиқ бахт борми?!
Ҳеч биримизга сир эмас, халқимиз, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи юртдошларимиз кўп йиллар инфратузилманинг йўқлиги, қишда лой, ёзда чанг кўчалардан безиб, қишнинг қаҳратонида соатлаб электр энергиясидаги узилишлардан нолиб юргани ҳам айни ҳақиқат. Шукрки, бугун ана шундай ўткир масалалар бирин-кетин ҳал этилмоқда.
Мана бу рақамларга диққат қилинг. Эндиликда вилоятимизда 3,5 минг километр ички йўллар, 60 дан ортиқ кўприклар қурилади ва таъмирланади. Эскирган 5 минг километр электр тармоқлари, 1,2 мингта трансформатор янгиланади. Яна ҳам қувонарлиси, Кармана, Қизилтепа, Навбаҳор туманларидаги 34 оғир маҳаллаларнинг қиёфаси тубдан ўзгаради. Ушбу маҳаллаларга 50 миллион АҚШ доллари йўналтирилиб йўл, сув электр масалалари ҳал этилади. Бир сўз билан айтганда, мана шунча маҳаллаларда яшовчи юртдошларимиз ҳаётига ҳам файз-барака киради.
Тоза ичимлик суви масаласи бутун дунёда глобал муаммога айланмоқда. Яқин-яқингача кўплаб қишлоқларда одамлар ариқ сувларини тинитиб ичишарди. Сув таъминотидаги масалалар ҳам вилоятимизда кун тартибидаги муҳим масалалардан бири. Хусусан, келажакда 1 минг километр сув тармоқлари ўтказилиб, 100 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади. Натижада сув таъминоти даражаси 85 фоизга етади.
Албатта, бундай ислоҳотларнинг ўз вақтида амалга ошишида жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, катта мақсадлар, улкан марралар ўз-ўзидан бўлмайди. Ана шундай ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиш ҳам фахр, ҳам ифтихордир.
Илҳом Сатторов,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси
ЎзА