“Афросиёб” электропоездининг 15 йиллиги нишонланмоқда
Бир транспорт воситаси мамлакат ҳаётини қандай ўзгартириши мумкин?
Инсоният тарихида шу кунгача ақлбовар қилмас кашфиётлар қилинди ва қилинмоқда. Аммо тан олиш керакки, поезд вагонлари одамлар учун ҳақиқий маънода оламшумул янгилик бўлди. Кейинчалик унинг тезлиги ҳам такомиллашиб борди. Ана шундай тезюрар поездлардан бири бу шубҳасиз “Афросиёб”дир. Ушбу транспорт воситаси юртимизга кириб келганига ҳам роппа-роса 15 йил тўлди.
2011 йил 8 октябрь куни юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездининг “Тошкент — Самарқанд — Тошкент” йўналишидаги мунтазам қатнови йўлга қўйилган эди.
Испаниянинг “Талго” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ушбу замонавий электропоезд Ўзбекистонда юқори тезликдаги темир йўл қатновининг янги даврини бошлаб берди. Алоҳида қайд этиш керакки, “Афросиёб” Марказий Осиёдаги илк юқори тезликдаги поезд сифатида тарихдан ўрин олди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 6 та “Афросиёб” электропоезди мавжуд. Уларнинг ҳар бири замонавий қулайликлар ва йўловчилар хавфсизлигини таъминловчи технологиялар билан жиҳозланган.
Бугун “Афросиёб” Тошкентни Самарқанд, Бухоро, Қарши ва Шаҳрисабз каби йирик тарихий ва туристик марказлар билан боғлаб, минглаб йўловчиларга тезкор ва қулай транспорт хизматини кўрсатиб келмоқда.
15 йил давомида “Афросиёб” нафақат масофаларни қисқартирди, балки Ўзбекистонда замонавий ва юқори тезликдаги темир йўл транспорти ривожининг рамзига айланди.
Шербек Исломов,
ЎзА