Адолат давлат хизматининг асосидир
Жиззах вилоят солиқ бошқармасида соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “маънавият соати” ўтказилди.
Тадбирда иштирок этган пойтахтлик олим ва тадқиқотчилар – Алфраганус университети профессори Сурайё Эшонқулова ҳамда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти Сеторабону Жўраева маърузаларида соҳибқироннинг давлатчилик мактаби, адолатпарварлик тамойиллари ва халқпарварлик руҳи атрофлича ёритилди. Қайд этилганидек, мамлакатимизда буюк аждодлар меросини ўрганиш ва тарғиб этишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давомидир. Ушбу ҳужжатда Темурийлар меросини чуқур тадқиқ этиш, уни ёшлар онгига сингдириш, айниқса, давлат бошқарувида адолат тамойилларини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгилаб берилган.

“Маънавият соати”да Соҳибқироннинг машҳур шиори – “Куч адолатдадир” ғояси алоҳида таъкидланди. Бу нафақат ўтмишнинг шиори, балки бугунги кун давлат хизматчилари, хусусан, солиқ тизими ходимлари учун ҳам амалий дастурдир. Зеро, “Темур тузуклари”да солиқ йиғишда инсоф ва адолат мезонларига қатъий риоя этиш, халққа ортиқча юк солмаслик зарурлиги уқтирилади. Мазкур манбада солиқ сиёсатининг адолатли бўлиши давлат барқарорлигининг муҳим омили сифатида қаралади.

Таъкидлаш жоиз, тузукларда илгари сурилган яна бир муҳим ғоя халқпарварликдир. Соҳибқирон давлатни мустаҳкамлашни аввало халқ розилиги билан боғлайди. Унинг қарашларида подшоҳ адолатли бўлса, халқ фаровон яшайди, халқ фаровон бўлса, давлат қудратли бўлади мазмунм мужассам. Бу тамойил бугунги ислоҳотлар мазмуни билан ҳам уйғунлик касб этади.

Жиззах вилоят солиқ бошқармасида ўтказилган мазкур маънавий тадбир бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: адолат тарих саҳифаларида қолиб кетган тушунча эмас, балки бугунги давлат хизмати, айниқса, солиқ тизими фаолиятининг ҳам маънавий ва ҳуқуқий асосидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири