21 та лойиҳа қайтарилди
Сирдарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида шаҳарсозлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳудудларда амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокамалар расмий ҳисоботлар билан чекланиб қолмади — ҳар бир лойиҳа мазмун-моҳияти, техник ечимлари ҳамда аҳоли манфаатларига қай даражада хизмат қилиши нуқтаи назаридан чуқур таҳлил этилди.
Йиғилишда жами 25 та лойиҳа кўриб чиқилди. Бироқ уларнинг 21 таси аниқланган камчиликлар сабабли такомиллаштириш учун қайта ишлашга қайтарилди. Бу қарорлар рад этишдан кўра, сифатни таъминлашга қаратилган қатъий ёндашув сифатида баҳоланди. Айрим лойиҳаларда иқтисодий ҳисоб-китоблар етарлича асосланмагани, бошқаларида муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва инфратузилма масалалари етарли даражада ишлаб чиқилмагани аниқланди. Шунингдек, айрим ҳолатларда аҳоли учун қулайликлар, ижтимоий эҳтиёжлар ҳамда шаҳарсозлик меъёрлари тўлиқ инобатга олинмагани қайд этилди.
Кенгаш муҳокамалари давомида бир жиҳат алоҳида таъкидланди: бугун қабул қилинаётган қарорлар эртага фуқароларнинг кундалик турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис ҳар бир лойиҳага нисбатан масъулиятли ва талабчан ёндашув устувор аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 4 та лойиҳа маъқулланди. Жумладан, Ховос туманидаги Оқчангал ва Гулбаҳор маҳаллаларида янги мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш, Гулистон шаҳридаги 4-сонли мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш, шунингдек, 7-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида 330 ўринли қўшимча ўқув биносини қуриш ҳамда мавжуд 800 ўринли биноларни таъмирлаш ишлари қўллаб-қувватланди. Ушбу лойиҳалар таълим инфратузилмасини янада яхшилаш, болалар учун замонавий ва хавфсиз шароит яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Муҳими, бу галги муҳокама яна бир жиҳатни яққол кўрсатди: Сирдарёда қурилиш шунчаки бошланадиган жараён эмас. Аввало у пухта ўйланади, ҳар томонлама текширилади ва шундан кейингина амалга оширишга рухсат берилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири