2026-2027 йиллар давомида республикада ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 14 та "яшил" техникумлар фаолияти йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланди:
а) 2026-2027 йиллар давомида республиканинг ҳар бир ҳудудида ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 14 та "яшил" техникумлар фаолиятини йўлга қўйиш;
б) 2030 йилгача республиканинг ҳар бир ҳудудидаги "яшил" техникумларда 10 000 нафар ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш учун экологик таълим ва илмни янада ривожлантириш;
в) 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)ra Марказий Осиё давлатлари ҳамда бошқа хорижий мамлакатлардан камида 50 нафар талабани жалб қилиш ҳамда 2027/2028 ўқув йилида мазкур кўрсаткични камида икки бараварга ошириш;
г) 2026-2028 йилларда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасида илмий даража олган номзодлар сонини 150 нафаргача етказиш.
Қарорга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб мазкур қарорда кўрсатилган таълим муассасалари "яшил" техникумлар сифатида қайта ташкил этилади ҳамда уларда ҳудуднинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий шароитларидан келиб чиқиб, соҳалар учун ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.
"Яшил" техникумларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ва таълим сифатини ошириш мақсадида улар Касбий таълим агентлиги билан келишув асосида Университетга бириктирилади.
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)нинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда Экология қўмитаси ҳузуридаги Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан "яшил" техникумларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва педагогларни моддий қўллаб-қувватлашга рухсат берилади.
"Яшил" техникумларнинг директори ва директор ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси - Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Қарорга кўра, Университет ҳамда "Яшил" техникумлар таълим тизимининг узвийлигини таъминлаш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
а) "яшил" техникумларда таълим жараёни Университет томонидан ишлаб чиқиладиган ва Касбий таълим агентлиги тасдиқлайдиган таълим дастурлари асосида ташкил этилади;
б) "яшил" техникумларда мажбурий ва танлов фанлари Университет томонидан белгиланади;
в) Университетнинг биринчи босқичида ўқитиладиган мутахассислик фанлари "яшил" техникумларнинг иккинчи босқич ўқув дастурларига махсус курс сифатида киритилади;
г) "яшил" техникумларни муваффақиятли битирган инглиз тилидан В2 даражага эга бўлган битирувчиларга Университет томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг иккинчи босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат берилади;
д) "яшил" техникумларда Экостипендия таъсис этилади ва ҳар йили 10 нафаргача иқтидорли ўқувчиларга Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.
ЎзА