2 нафар ёш шахматчимиз Осиё чемпионатида муваффақиятга эришди
Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида шахмат бўйича 8–18 ёшгача бўлган ўсмирлар ва қизлар ўртасида бошланган "Asian Youth Chess Championships 2026" Осиё чемпионатининг илк кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари совриндорлар қаторидан жой эгаллади.
Осиёнинг 30 та давлатидан 879 нафар шахматчи иштирокида ўтаётган қитъа биринчилигининг илк кунида шахматнинг рапид йўналиши бўйича баҳслар бўлиб ўтди.
Эътиборли жиҳати, мазкур мусобақаларда дона сурган ёш шахматчиларимиздан Руқия Олимова 5 очко билан 32 нафар иштирокчи орасида 3-ўринни эгаллади.

Шунингдек, терма жамоамиз аъзоси Нурмуҳаммад Неъматиллахонов 10 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида 7 очко жамғариб, бронза медалига эга чиқди.

Бугун, 17 июль куни қитъа биринчилигининг блиц йўналишидаги баҳсларга старт берилади. Кун давомида 1-тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, 25 июлга қадар давом этадиган 28-Осиё чемпионатида Ўзбекистон шарафини 21 нафар иқтидорли шахматчи ҳимоя қилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА