1989 йилдан буён мамлакат аҳолиси қарийб икки бараварга ошган
Мамлакатимизда илк бор — 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилган эди.
Ушбу жараён расмий статистиканинг энг муҳим манбаларидан бири бўлиб, аҳоли сони, унинг ёш ва оилавий таркиби, таълим даражаси, бандлиги, миграцияси, уй-жой шароитлари ҳамда бошқа демографик ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар тўғрисида комплекс маълумотларни тақдим этади. Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари билан биргаликда ушбу маълумотлар давлат сиёсатини такомиллаштириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, давлат хизматлари сифатини ошириш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун мустаҳкам далиллар базасини яратади.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 39 миллион 47 минг 321 нафарни ташкил этди, бу эса жорий статистик ҳисоб-китобларга нисбатан қарийб 810 минг нафарга кўп демакдир. 1989 йилда ўтказилган сўнгги аҳолини рўйхатга олиш натижалари билан таққослаганда, мамлакат аҳолиси қарийб икки бараварга ошган. Шунингдек, рўйхатга олиш жараёнида Ўзбекистонда бир йилдан ортиқ муддат яшаб келаётган 56,9 минг нафар хорижий фуқаро ҳам рўйхатга олинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ўзбекистонда 2026 йилги аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари» мавзуидаги халқаро конференцияда рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари ҳамда олинган маълумотлардан давлат сиёсати ва ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжлари ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қонунлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш учун мустаҳкам асос яратади. Айнан шундай маълумотлар мамлакатнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши ва фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган қарорларни қабул қилиш имконини беради.
Тадбирда Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари Зоҳиджон Зияев рўйхатга олиш тадбири давомида олинган ҳар бир рақам давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, ижтимоий сиёсатни такомиллаштириш ва ҳудудларни янада самарали ривожлантириш режаларини ишлаб чиқишга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Дарҳақиқат, рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларидан олинган маълумотлар демографик ўзгаришларни янада аниқ прогноз қилиш, аҳолининг турли қатламлари эҳтиёжларини ҳисобга олиш ҳамда далилларга асосланган давлат сиёсатини шакллантириш имконини беради.
М.Комилова, ЎзА