190 та жаримани тўламаган қарздорнинг “Cobalt” автомобили топилди
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шўъбаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан қидирувдаги автотранспорт воситаларини топиш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси иш юритувида мавжуд бўлган судларнинг ижро ҳужжатларига асосан, қарздор Ж.У.дан жами 116,7 млн. сўмлик 190 та йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жарималарни ундириш белгиланган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг номида “Cobalt” русумли автомашина мавжудлиги аниқланиб, ушбу автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилинган.
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шўъбаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 3 июнь куни ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларидан бирида қарздорга тегишли автомашина Нукус кўчаларида топилиб, жарима майдончасига қўйилган.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА