14 мингдан зиёд маҳалла тозаланди
Юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли яшаш ҳудудларини обод ва озода сақлаш ҳамда санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Хусусан, муборак Қурбон ҳайити арафасида ташкил этилган кенг кўламли ободонлаштириш ва тозалик тадбирлари нафақат шаҳар ва қишлоқлар кўринишига, балки аҳоли саломатлиги ва экологик маданиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 25 майидан 3 июнига қадар республика бўйлаб “Долзарб 10 кунлик” тозалик тадбирлари ўтказилмоқда. Ташаббус доирасида маҳаллалар, аҳоли яшаш ҳудудлари, жамоат жойлари, кўчалар ва атроф-муҳитни чиқиндилардан тозалаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур жараёнларни самарали ташкил этиш мақсадида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳузурида Республика ишчи штаби фаолияти йўлга қўйилди. Тадбир давомида санитар тозалаш корхоналари томонидан аҳоли яшаш ҳудудларида чиқиндилар тўпланиб қолишининг олдини олиш, байрам кунларида тозаликни таъминлаш ҳамда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш чоралари кўрилмоқда.
Дастлабки беш кунлик натижалар амалга оширилаётган ишлар кўлами қанчалик кенг эканини кўрсатмоқда. Хусусан, республика бўйича 14 минг 494 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди тозаланди. Тозалаш ишларига 33 минг 24 нафар ходим ва 12 минг 484 та махсус техника жалб этилди. Натижада ҳудудлардан 70 минг 925 тонна қаттиқ маиший чиқинди олиб чиқилиб, белгиланган тартибда утилизация қилинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, чиқиндиларни ўз вақтида йиғиш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш нафақат шаҳарлар санитар ҳолатини яхшилайди, балки атроф-муҳитга бўладиган салбий таъсирни ҳам камайтиради. Бу эса аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва яшил иқтисодиёт тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш соҳасини модернизация қилиш, қайта ишлаш улушини ошириш ва циркуляр иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. “Долзарб 10 кунлик” каби акциялар эса аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, тозаликка бўлган масъулиятини ошириш ва ҳудудларда соғлом экологик муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Тозалик — соғлом турмуш гарови. Шу боис ҳар бир фуқаронинг атроф-муҳитни асраш, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш ва озодаликка ҳисса қўшиши умумий мақсадимизга хизмат қилади. “Долзарб 10 кунлик” тадбирлари ҳам айнан шу эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган муҳим амалий қадамдир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА