Зўравонликдан жабрланган шахсларнинг манзилли ва самарали ижтимоий ҳимояси кучайтирилади
Сенат ялпи мажлисида “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институцион ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ҳамда болалар билан ишлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланганини қайд этди. Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун қатор енгилликлар жорий этилмоқда.
Жумладан, улар йўқотилган биометрик паспорт ўрнига янги паспорт олиш, никоҳ тузилганлиги ёки туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳнома расмийлаштиришда давлат божини тўлашдан озод этилмоқда.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи махсус марказга олти ойгача (олдин 30 кунгача) муддатга жойлаштирилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларининг манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА