Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги департамент бошлиғи Мурод Муҳаммадиев батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан маҳаллий меҳнат органларига рўйхати тақдим этилган тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган хотин-қизларни давлат ташкилотларига йўлланма асосида ишга жойлаштириш таклиф этиляпти. Бунга “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари талабномаси асос бўлади.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари мазкур жараённи амалга ошириш механизмлари билан қизиқди. Бунга жавобан қонун ташаббускорлари “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни махсус талабнома билан маҳаллий меҳнат органига юборишини, мазкур ташкилот эса уларни бўш иш ўринларига жойлаштиришини таъкидладил.
Муҳокама ва таклиф, мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Шунингдек, йиғилишда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар (оилалар)нинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, ижтимоий ишни ташкил этиш назарда тутилган “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА