Ўзбекистон делегациясининг Германиядаги учрашувлари
Ўзбекистон делегацияси ГФРга ташрифи доирасида Германия ўрта корхоналари федерал бирлашмаси кенгашининг йиллик йиғилишида иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси ГФРга ташрифи доирасида Германия ўрта корхоналари федерал бирлашмаси кенгашининг йиллик йиғилишида иштирок этди. Мазкур тадбирга мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов фахрий меҳмон сифатида таклиф этилди.
Германия ўрта корхоналари федерал бирлашмаси 1975 йили ташкил топган бўлиб, немис кичик ва ўрта бизнес вакиллари манфаатини ҳимоя қиладиган тармоқлараро тузилма ҳисобланади. Айни пайт тузилма мамлакат ичкарисида 300, Германиядан ташқарида 30 дан ортиқ ваколатхонага эга ва жами 270 мингдан зиёд бизнес субъектини ўз атрофига бирлаштирган.
Бугунги кунда Германиядаги кичик ва ўрта бизнес корхоналари сони 9 миллиондан ошади. Соҳанинг ўрта тоифаси немис иқтисодиёти ўзаги (ГФРдаги жами корхоналарнинг 99 фоизи)ни ташкил этади. Иш ўринларининг 70 фоизини банд қилган айнан шу қатлам, одатда янги ғояларни майдонга ташлаб, ҳаракатга келтиради. Аксарият инновациялар ва патентлар ҳам кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан ишлаб чиқилади.
Бирлашманинг навбатдаги йиллик йиғилишида мамлакат федерал ва ўлка ҳукуматлари масъуллари, мингдан зиёд тадбиркор, илмий, эксперт ва таҳлилий доиралар вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида Абдулазиз Комилов Германия иқтисодиёт ва энергетика федерал вазири Петер Альтмайер, Бавария Бош вазири Маркус Зёдер, Германия Бундестаги раиси ўринбосари Ханс-Петер Фридрих ва Германия ўрта корхоналари федерал бирлашмаси президенти Марио Оховен билан учрашди. Мулоқотлар давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга оид устувор йўналишларнинг жорий аҳволи, шунингдек, халқаро аҳвол билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.