Маълумки, заргарлик ўзбек халқининг энг қадимий ва бой бадиий анъаналаридан бири. У нафақат гўзаллик, балки халқимизнинг тарихи, маданияти ва дунёқарашини ифодалайди.
Сўнгги йилларда заргарлик саноатига давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, соҳага доир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Тизимни ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 июлдаги "Заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида юртимизда заргарлик саноати ривожлантирилмоқда. Соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар ўрганилиб, бартараф этиш масалаларига атрофлича эътибор қаратилмоқда.
Заргарлик саноатини республиканинг етакчи тармоқлардан бирига айлантириш, заргарлик буюмларини сотиш фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш, маҳсулотларни экспорт қилиш кўрсаткичларини ошириш ҳамда уларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар қилинмоқда.
Юртимизда 30 мингга яқин ҳунарманд фаолият юритса, ундан 4 фоизи заргарлар ҳисобланади. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Фарғона заргарлик мактаблари ҳар бири ўз услубига эга. Хусусан, Бухоро заргарлиги нафис ишлов бериши билан ажралиб турса, Хива заргарлиги эса ўзига хос шакллари билан довруғ қозонган.

–Бугунги кунда республикамиз бўйича заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш соҳасида 92 юридик ва 223 та якка тартибдаги тадбиркор фаолият кўрсатмоқда, – дейди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси масъул ходими Нилуфар Ҳотамова. – Заргарлик — бу шунчаки ҳунар эмас, у халқнинг тарихини, эстетик қарашини, руҳини ўзида мужассам этган санъат. Айниқса, Хоразм ҳудудида заргарлик санъати жуда қадимий. Аёзқалъа, Бургутқалъа каби қадимий қалъаларда олиб борилган археологик қазишмаларда милоддан аввалги II–I асрларга оид олтин-кумуш зеб-зийнат буюмлари топилган. XIV–XIX асрларга келиб, Хоразмда заргарлик мустақил мактаб сифатида шаклланди.
Манбаларда кўрсатилишича, Хоразм усталарининг заргарлик буюмлари шаклларнинг бойлиги, майда илгакчалар, осилмалар ва безак элементларига бойлиги билан ажралиб турарди. Заргарлик буюмлари ичида энг машҳурлари билезиклар, тумор ва осилмалар, маржон ва узуклардир.

Хоразмлик заргар Жамол оға Аллабергенов ҳам ўз техникаларида ўзгача маъно ва меҳр бериб, заргарлик буюмларини ясаши билан маълум ва машҳур. У асосан кумуш ва тилладан фойдаланган ҳолда энг машҳур миллий тақинчоқлар, жумладан, тиллақош, болабру, гажак, тахядўзи ва зебигардон ҳамда зирак ва узуклар ясайди. Замонавий заргарликнинг қадимий усулларини янгича кўринишда талқин қилиб, миллий меросимизни давом эттирмоқда. Уста бир нечта маҳаллий ва хорижий кўргазма ва фестивалларда ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, диплом ва сертификатларни қўлга киритмоқда.
–Заргарлик — бу ҳунар эмас. У юрак ва ҳиссиётлар талқини, – дейди Жамол оға Аллабергенов. – 25 йилдирки шу соҳада фаолият юритаман. Заргарлик миллий меросимиз бўлгани боис, уни асраш лозим. Агар биз уни асрамасак, бу санъат тарихга айланиб кетади. Бу соҳани йўқотмасликнинг энг яхши йўли устоз-шогирд мактабларини ривожлантириш. Ҳозирда 15 нафар шогирдим ва улар қаторида 2 нафар фарзандимга заргарлик сир-асрорларини ўргатиб келмоқдаман.
Улар билан ҳар хил турдаги заргарлик маҳсулотларини, миллий турдаги қўлда ясаладиган тақинчоқларни ясаймиз. Миллий ва замонавий маҳсулотларни уйғунлаштириб ижодий ишлар қиламиз. Президентимизнинг кейинги йиларда заргарлик соҳасини ривожлантириш ва заргарларни қўллаб-қувватлаш борасидаги қатор фармон ва қарорлари биз каби ҳунармандларга ўзгача руҳ беради. Ушбу ҳужжатлар асосида инновацион асбоб-ускуналар билан таъминландик. Ўз маҳсулотларимизни сотишда шохобча ва ер майдонларига эга бўлдик. Бир сўз билан айтганда, имтиёзларимиз кенгайди ва даромадимиз ошди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА