“Зарафшон капитал” пойабзаллари
Навоий шаҳридаги “Зарафшон капитал” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган пойабзаллар арзон ва пишиқлиги билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Навоий шаҳридаги “Зарафшон капитал” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган пойабзаллар арзон ва пишиқлиги билан харидорларга манзур бўлмоқда.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар яратиш, иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини янада кенгайтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида ялпи ички маҳсулотда ушбу тармоқнинг улуши тобора ошмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Навоий вилоятида 2015 йилда 796 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди ва унинг саноатдаги улуши 14,8, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 37,1 фоизга етди. Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 501,2 миллиард сўм кредит ажратилди.
– Жорий йил бошида вилоятдаги ички талаб ва имкониятни пухта ўрганиб, 100 дан ортиқ турдаги спорт пойабзали ва бошқа оёқ кийимлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик, – дейди “Зарафшон капитал” корхонаси раҳбари Шуҳрат Савуров. – Бунда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкнинг вилоят бўлимидан олинган 200 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи қўл келди. Хориждан замонавий ускуналар келтириб, ўрнатдик.
Ишнинг кўзини билган тадбиркор имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, кам бўлмади. Ишлаб чиқаришда янгилик қилиб, маҳаллий маҳсулотлар кўламини кенгайтирди. Айни пайтда 30 ишчи меҳнат қилаётган корхонада йилига 100 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Тадбиркор келгусида спорт инвентарлари ва копток ишлаб чиқаришни мўлжалламоқда. Бу қўшимча 30 иш ўрни яратиш имконини беради. Маҳсулотлар экспорти борасида ҳам изланишлар олиб борилмоқда.