Замонавий ёндашув – ғаллачиликда мўл ҳосил гарови
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашув, ерга эътибор ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ҳамда сифатли бажариш мўл ҳосил етиштиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.
Ўтган мавсумда эрта экилган буғдой майдонларида ҳар йилгидан эртароқ ва юқори ҳосилдорлик қайд этилди. Бу тажриба жорий йилги ғалла экиш мавсумида илғор агротехнологиялардан самарали фойдаланиш муҳимлигини кўрсатмоқда.
Шу мақсадда Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги “Гулхумор” фермер хўжалигида 2027 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экишга ер тайёрлаш, экиш, шунингдек, экилган майдонларни суғориш ва бир текис ундириб олиш бўйича кўргазмали амалий семинар ўтказилди.
[gallery-31387]
Унда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси биринчи ўринбосари Н. Худойбердиев, туман ҳокими бошчилигидаги Ишчи гуруҳ вакиллари иштирок этди. Тадбирда ғалла етиштиришда замонавий агротехник тадбирларни жорий этиш, ерни сифатли тайёрлаш, экиш муддатларига риоя қилиш ҳамда майдонларни ўз вақтида суғориш бўйича тавсиялар берилди.
Жорий мавсумда туманда 2027 йил ҳосили учун 6 минг 950 гектар майдонда бошоқли дон экинлари етиштириш режалаштирилган. Шундан 200 гектари очиқ майдонларга, 6 минг 750 гектари ғўза қатор ораларига экилади. Ғалла майдонлари 456 та контурга жойлаштирилган.
Экиш мавсумини қисқа муддатларда ва сифатли ташкил этиш мақсадида туманда 13 та ер тайёрлаш ва экиш отряди ташкил этилди. Ҳар бир отрядга раҳбарлар тайинланиб, моддий ресурсларни етказиб бериш, агротехник тадбирларни ташкил этиш ҳамда экинларни суғориб, бир текис ундириб олиш ишларига масъуллар бириктирилди.
Бу эса ғалла экиш жараёнини тизимли ташкил этиш, ҳар бир гектардан юқори ҳосил олишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш имконини беради.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА