Замонавий янги мактаблар фойдаланишга топширилмоқда
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган таълим соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда ёш авлодга муносиб шароит яратиш бўйича давлат сиёсати доирасида замонавий талабларга мос тарзда бунёд этилган умумтаълим мактаблари фойдаланишга топширилмоқда.
Хусусан, пойтахтимиздаги Яшнобод туманининг Боғбон маҳалласида 360-сонли умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилди.

Ушбу 1650 ўринли мактабда кенг ва ёруғ синфхоналар, замонавий лабораториялар, компьютер хоналари, спорт зали, фаоллар зали, ошхона ҳамда очиқ сунъий қопламали футбол майдончаси мавжуд.
Янги мактабнинг очилиши ҳудуддаги ўқувчилар учун қулайлик яратиб, узоқ масофага қатнаб ўқиш заруратини камайтиради ҳамда икки сменали таълимни қисқартиришга хизмат қилади.

Шунингдек, аҳоли сонининг ортиб бориши ва маҳаллаларнинг кенгайиши сабабли Олмазор туманидаги умумтаълим мактабларида ҳам қурилиш ва реконструкция ишлари изчил амалга оширилмоқда.

Шу жумладан, инвестиция дастури доирасида 224 сонли умумтаълим мактабида 990 ўринли, 4 қаватли янги қўшимча бино барпо этилди. Мактаб сиғими сезиларли даражада оширилиб, ўқувчилар зичлиги камайтирилди. Шунингдек, бино замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган, алоҳида эҳтиёжга эга болалар учун ҳам барча қулай шароитлар яратилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА