Замонавий камондан отиш мажмуаси фойдаланишга топширилди
Гулистон шаҳрида спорт инфратузилмаси яна бир замонавий иншоот билан бойиди. “Буюк келажак” маҳалласида жойлашган Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази қошида замонавий камондан отиш мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги кенг нишонланаётган айни кунларда ишга туширилган мазкур мажмуа камондан отиш спорти билан шуғулланувчи ёшлар учун янги имкониятлар майдонига айланади. Бу ерда спортчилар мунтазам машғулот ўтказиб, маҳоратини ошириш, мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш имконига эга бўлишади. Айниқса, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш, уларни саралаш ва катта спортга йўналтиришда мажмуанинг аҳамияти катта.
Лойиҳа Давлат дастури асосида ажратилган 2,4 миллиард сўм маблағ ҳисобидан амалга оширилди. Замонавий талаблар асосида барпо этилган янги иншоот Сирдарёда камондан отиш спортини ривожлантириш, спортчилар учун муносиб машғулот шароитларини яратиш ва янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилади.
[gallery-31255]
Камондан отиш — аниқлик ва диққатни, сабр ва матонатни талаб қиладиган спорт тури. Нишонга қарата отилган ҳар бир ўқ ортида спортчининг машқи, иродаси ва ўз устидаги меҳнати мужассам. Янги мажмуада яратилган шароитлар ана шу машаққатли меҳнат самарадорлигини ошириш, спортчиларни юқори натижалар сари руҳлантириш учун муҳим омил бўлади.
Бугун юртимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш, олимпия ва паралимпия спорт турларини оммалаштириш, улар учун замонавий машғулот базасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 июндаги “Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ҳам спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Гулистонда барпо этилган камондан отиш мажмуаси ана шу саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий натижаси бўлди. Энг муҳими, бу ерда бугун машқ қилаётган ёшлар эртага республика ва халқаро мусобақаларда Сирдарё шарафини муносиб ҳимоя қилиши учун мустаҳкам пойдевор яратилди.
Янги мажмуанинг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи Низомиддин Абдувалиев, вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов, МОҚ Сирдарё вилояти ижрочи директори Баҳодирхўжа Эшонов, нуронийлар, спортчилар ва соҳа вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда мамлакатимизда спортни оммалаштириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА