Замонавий IT шаҳарчаси иш бошлади
Андижон вилояти Хонобод шаҳрининг "Кампироввот" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий IT шаҳарчаси иш бошлади.
Соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирокида IT шаҳарчаси очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Хонобод шаҳар ҳокими Элёрбек Абдураҳмонов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда IT соҳасини ривожлантириш, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш, хусусан, Президентимизнинг яқин йиллар ичида Ўзбекистонда бир миллионта дастурчи тайёрлаш борасидаги топшириқ ва таклифлари асосида Хонобод шаҳрида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, IT таълимини, ахборот технологиялари соҳасида ёшларни касбга тайёрлаш ва йўналтириш тизимини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда.


Янги ташкил этилган IT шаҳарчасида компьютер саводхонлиги, дастурлаш, сунъий интеллект, робототехника, график дизайн ва инглиз тили йўналишларида бепул ўқув курслар ташкил этилди.
– Ҳозирда бу каби мажмуалар шаҳарнинг турли ҳудудларида ташкил этилиб, самарали фаолият юритмоқда, – дейди Рақамли таълимни ривожлантириш маркази бош мутахассиси Шерзодбек Мадаминов. – Янги ташкил этилган навбатдаги марказ замонавий жиҳозлар билан таъминланган, барча қулайликларга эга. Марказда йилига 400 нафардан зиёд 5-11 синф ўқувчилари рақамли технологиялар ҳамда хорижий тиллар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллаш имконига эга бўлади.


Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугун Андижон вилоятида юзлаб IT марказлари фаолият олиб бормоқда. Жумладан, “Andijon Digital City” технологик парки, туман ва шаҳарлардаги намунали умумтаълим мактабларида ташкил этилган “Digital school” марказлари ҳамда олий таълим муассасаларида очилган “Инкубация марказлари” самарали фаолият кўрсатмоқда. Ташкил этилган ана шу марказларда минглаб ёшлар IT йўналишидаги билим ва малакаларини бойитмоқда, мутахассис сифатида шаклланмоқда.
Шунингдек, мажмуада ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида махсус жиҳозланган кутубхона, шахмат тўгараги ҳамда коворкинг зоналари ишга туширилди.


Замонавий билимларни эгаллаш иштиёқида бўлган ёшлар электрон рўйхатдан ўтиб, “IT – шаҳарча”да ташкил этилган йўналишлар бўйича таҳсил олиши мумкин.
Марказнинг иш бошлаши билан 10 га яқин мутахассис-ўқитувчилар доимий иш ўрнига эга бўлди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари