Замонавий боғча болажонлар ихтиёрида
Бухоро вилояти Олот тумани “Усмоншайх” маҳалласидаги оилаларда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 296 нафар болалар мавжуд.
Шундан атиги 50 нафари 2 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 21-22 январь куни Олот туманига ташрифи давомида ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мактаб, мактабгача таълим ташкилоти ва бошқа ижтимоий хизмат объектлари барпо этилиши юзасидан мутассадиларга топшириқлар берилган эди.
Туман ҳокимининг 2021 йил 26 февралдаги қарори билан мактабгача таълим ташкилотини қуриш учун 0,42 гектар ер майдони ажратилди. Прокуратура органлари ташаббуси билан мазкур ҳудудда янги 180 ўринли замонавий мактабгача таълим ташкилоти биноси қад ростлади. Натижада мактабгача таълимга жалб қилинмаган болалар тўлиқ қамраб олинди. Шунингдек, маҳалладаги 30 нафар ишсиз фуқаролар доимий иш ўрнига эга бўлди.
Боғчанинг очилиш маросимида Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ҳалим Болтаев, вилоят прокурори Маҳмуд Истамов, туман ҳокими Наргиза Неъматова ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари қатнашди. Мутасаддилар томонидан 22-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти мудирига рамзий калит топширилди.





Зариф Комилов,
ЎзА