Замонавий балиқчиликнинг яширин кучи ва жозибасидан тадбиркорлар қай даражада хабардор?
Президент ташаббуслари – амалда
Бундан беш-олти йил олдинги гап. Қишлоқдаги бир танишимиз томорқасининг четидаги кичкинагина ташландиқ ерни тозалаб, мўжазгина ҳовуз қазди. Ҳовузга балиқ чавоқларини ташлаганида эса кўпчилик унга ҳазил қилди.
Шундан барака топармидинг, овора бўлганинг қолади, дейишди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўша қўшнимиз рўзғорини балиқ гўшти билан таъминлай бошлади. Кейин эса ортганини бозорга чиқариб, яхшигина даромад қилди. Уй-жойларини эпақага келтирди. Ўғилларига суннат тўйлари қилди.
Бугун ўша кичик ҳовуз йирик балиқчилик хўжалигига айланган. Бу оддий ҳаётий мисол бизга бир ҳақиқатни англатади. Балиқчиликка тўғри ёндашилса, у оилани ҳам, тадбиркорни ҳам, бутун бир юртни боқадиган жуда баракали соҳадир. Бу соҳанинг ривожланиши, энг аввало, оддий халқнинг, ҳар бир хонадоннинг манфаатига хизмат қилади.
Мамлакатда балиқчилик қанчалик кенг қулоч ёйса, бозорларимизда илгари тансиқ ҳисобланган балиқ гўшти шунчалик кўпаяди ва ҳамёнбоп бўлади. Бу эса ҳар бир оила ўз дастурхонига мунтазам равишда янги ва сифатли маҳсулот сотиб ололишини англатади.
Давлат раҳбарининг бу соҳага алоҳида эътибор қаратаётгани ҳам бежиз эмас. Президент Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Мутасаддиларга тармоқни замонавий технологиялар, илмий ёндашув ва самарали бошқарув асосида ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳоли дастурхонига арзон, сифатли балиқ маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан муҳим топшириқлар берилди. Мазкур қадамлар соҳа ривожи қай даражада стратегик аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди.

Юртимизда бу соҳани ривожлантириш учун имкониятлар кўп. Тасаввур қилинг, Ўзбекистонда 173 минг километрдан ортиқ дарё ва канал ўзанлари мавжуд. Бу дегани, қанчадан қанча қишлоқ ёки маҳалла яқинидан сув оқиб ўтади.
Тўғри, бугун дунёда сув ресурслари чекланган. Аммо шунга қарамасдан, мамлакатимиз Марказий Осиёда балиқ етиштириш ҳажми бўйича етакчи ўринда турибди. Масалан, биргина 2025 йилда юртимизда 206 минг тонна балиқ етиштирилди. Бу жуда катта рақам, лекин аҳолимиз сони ҳам йилдан-йилга ўсиб боряпти. Халқимизнинг соғлом яшаши учун оқсилли маҳсулотларга, айниқса, шифобахш ва парҳезбоп балиқ гўштига бўлган талаби кун сайин ортмоқда. Шу боис балиқчиликда эндиликда сувни тежайдиган, уни қайта айлантириб ишлатадиган ва замонавий интенсив технологияларга асосланган тизимга ўтиш ҳаётий заруратга айланди.
– Ҳозирги кунда замонавий интенсив усулда балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг атиги 20 фоизидан ошмаяпти, – “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси Омон Мусаев – Ваҳоланки, бундай технологиялар ҳосилдорлик ва даромадни бир неча баробар оширишга қодир. Агар қўлимиздаги мана шу имкониятларни тўлиқ ишга солсак, балиқ етиштириш ҳажмини беш баробар кўпайтира оламиз. Бунинг учун соҳага билимли, замонавий кадрлар керак. Шу мақсадда Аграр университетда Россиянинг Астрахан давлат техникакои университети ва Хитойнинг Далян океан университети билан ҳамкорликда балиқчилик ва аквакультура бўйича қўшма факультет очиш режалаштирилмоқда. Бу келажакда соҳамизни илм билан юритадиган ёш мутахассислар етишиб чиқади деганидир.
Албатта, замонавий технологияларни жорий этиш тадбиркордан маблағ талаб қилади. Шу боис давлатимиз тадбиркорларни ёлғизлатиб қўймай, уларни молиявий томонлама кучли қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, сувни тежайдиган ёпиқ айланма тизимларни ўрнатиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Наслли она балиқларни хориждан импорт қилиш, ҳовузлар тепасига қуёш панелларини ўрнатиш учун алоҳида субсидиялар ажратилади. Ҳатто бизнесни юритиш учун олинадиган имтиёзли кредитларнинг фоиз харажатларини ҳам давлат қисман ўз зиммасига олмоқда.
Бу мақсадга эришиш учун наслчилик ва илмий ёндашувга алоҳида урғу берилади. Чунки сифатли чавоқ ва яхши генетика юқори ҳосилнинг калитидир. Эндиликда карп, лаққа, форель ва осётр каби харидоргир балиқ турларининг наслини яхшилаш, янги зотларни маҳаллий иқлим шароитимизга мослаштириш ишлари тизимли йўлга қўйилади. Натижада қишлоқ жойларда юзлаб янги балиқчилик хўжаликлари очилиб, минглаб оддий одамлар учун ўз уйининг ёнида туриб, ҳалол меҳнат билан баракали даромад топиш имконияти яратилади.

Дарҳақиқат, тадбиркорлар учун балиқчилик бугунги кунда энг сердаромад ва истиқболли бизнес йўналишларидан бирига айланди. Сувни тежайдиган интенсив усуллар туфайли катта-катта ерларни банд қилмасдан, кичиккина майдонда ҳам тонналаб маҳсулот етиштириш имконияти пайдо бўлди. Балиққа бўлган талаб халқимиз орасида ҳам, ташқи бозорда ҳам ҳеч қачон камаймайди. Демак, маҳсулотни сотиш ёки бозор топиш муаммоси тадбиркорни қийнамайди. Энг муҳими, давлат томонидан берилаётган бундай имтиёзлар ва арзон кредитлар шароитида ҳар қандай ишбилармон одам таваккалчиликдан қўрқмай, ўз бизнесини қисқа фурсатда оёққа турғиза олади.
Дунё бозорида гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи беқарор бўлиб, қимматлашиб бораётган бир пайтда, ўз юртимизда балиқ етиштиришни кўпайтириш ички бозоримизни мустаҳкам ҳимоя қилади. Халқимизнинг оқсилга бўлган эҳтиёжи арзон, сифатли ва энг асосийси, саломатликка беқиёс фойдали йўл билан қондирилади. Шу билан бирга, ички эҳтиёждан ортган балиқ маҳсулотлари чет элга экспорт қилинади.
Балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш халқимиз дастурхони тўкинлиги, тадбиркорларимиз бойлиги учун киритилган энг оқилона инвестициядир.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси