Муносабат
Кейинги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, етиштирилаётган маҳсулотларни сифатли ва рақобатбардош ҳолатда хорижий бозорларга олиб чиқиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, сўнгги уч йилнинг ўзида катта ўзгаришлар қайд этилди. Жумладан, 250 минг гектар ер пахта ва ғалладан озиқ-овқат етиштиришга мослаштирилди, 160 минг гектар янги боғлар ва токзорлар барпо этилди,
1 миллиард долларлик 1500 та озиқ-овқат лойиҳаси амалга оширилди. Шу билан бирга, 100 минг тонна сақлаш, 70 минг тонна қуритиш ва 46 минг тонна қадоқлаш инфратузилмаси ҳам яратилди.
Бироқ, таҳллиллар экспорт ҳажмидаги муваффақиятларга қарамасдан, ҳудудий тенгсизлик ва потенциалдан тўлиқ фойдаланмаслик ҳолатлари ушбу йўналишда эришилиши лозим бўлган натижалар самарадорлигига салбий таъсир қилаётганини кўрсатмоқда.
Шу боис, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июль куни мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишида ўтган давр мобайнида эришилган ютуқлар билан бирга камчиликлар таҳлил қилиниб, соҳа масъуллари ва ижрочилар олдида турган энг долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, йиғилишда Сурхондарё, Қорақалпоғистон ва Навоий каби ҳудудлар экспортда ортда қолаётгани, 21 та туманда экспорт ҳажми 70 фоизга ҳам етмагани, туманлардаги 80 минг гектар экин ерлар ва 55 минг гектар томорқа ери эътиборсиз қолаётгани таъкидланди. Бу эса минглаб аҳоли бандлиги ва даромадида йўқотишларга ҳам сабаб бўлмоқда.
Сир эмас бугун жаҳон озиқ-овқат бозорида “Made in Uzbekistan” бренди тобора танилиб бормоқда. Бироқ, айрим “чаққон” тадбиркорлар хом мевани экспортга чиқариб, мамлакатнинг ташқи бозордаги имижига путур етказаётгани ачинарли ҳолатдир. Қолаверса, бу “Ўзбекистонда етиштирилган” брендининг келажагига таҳдид солади. Йиғилишда шу каби камчиликлар ҳам таҳлил қилиниб, қишлоқ хўжалигида самарадорлик ва экспортни ошириш чора-тадбирлари белгиланди.
Қолаверса, сўнгги йиллардаги геосиёсий вазият билан боғлиқ тебранишлар, албатта, озиқ-овқат хавфсизлиги учун ҳам етарли таҳдидлар пайдо қилмоқда. Бу жараёнда қуритилган мевалар, дуккакли маҳсулотлар ва табиий мева-сабзавотлар жаҳон бозорида юқори баҳоланмоқда. Аммо таҳлиллар шундан далолат берадики, маҳсулотларнинг 80 фоизи фақат 5 та давлатга экспорт қилинмоқда. Япония, Италия, Ҳиндистон, Қатар каби юксак тўлов қобилиятли бозорларда иштирокимиз етарли даражада эмас. Бу, ўз навбатида, элчихоналар ва савдо маслаҳатчиларининг фаолиятида мукаммаллик етишмаётганинидан далолат беради.

Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан элчиларга бозор топиш, кўргазмалар ташкил қилиш, савдо уйлари ва логистика инфратузилмаси яратиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди. Бу ташқи иқтисодий фаолиятда дипломатик хизматнинг ролини кучайтиришни талаб қилади.
Шу билан бирга, йиғилишда бир қатор илғор тажрибалар ҳам таъкидланди. Масалан, аввал 1 килограмм олча 30 центга ҳам сотилмаган. Илғор экспортчиларимиз бу йил 9 минг тонна “шок” усулида музлатилган олчани 26 миллион долларга экспорт қилган. Ўзимизда олча етишмагани учун импорт қилиб, музлатиб, реэкспорт қилишни ҳам бошлашган.
Шунингдек, Ўзбекистонда ҳар йили 450 миллион долларлик дуккакли экинлар (ловия, мош, тариқ, нўхат) экспорт қилинади. Аммо ҳосилнинг 30 фоизи ишчи кучи етишмаслиги ва техника танқислиги сабабли исроф бўлмоқда. Бунинг учун фермерларга техникаларни субсидиялаш, кредитлар учун имтиёзлар бериш тизими йўлга қўйилади.
Ҳозиргача 224 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилингани яхши самара берди. Бунинг натижасида 420 миллион кубметр сув иқтисод қилиниб, қўшимча 65 минг гектарда мева-сабзавот етиштириш имконияти яратилди. Бунинг учун ўтган йили 2,6 триллион сўм, жорий йил эса 1,2 триллион сўм сарфланди.
Жорий йил якунигача яна 10 минг гектарда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш йўлга қўйилиб, 200 минг гектар ер лазер ёрдамида текисланади. Бунинг учун 500 миллиард сўм маблағ ажратиш, келаси йил дастури учун эса 2 триллион сўм ресурс шакллантириш режалаштирилган.
Республика бўйича 16 та туманда “Агростар” компаниялари ташкил қилинди. Масъулларга “Агростар” компаниялари учун замонавий “ин-витро” лабораторияларини барпо этиш, 16 та туманда сақлаш, қадоқлаш, саралаш ва қайта ишлашни ўз ичига олган биттадан замонавий агромажмуани ишга тушириш топширилди.
Умуман олганда, йиғилишда белгиланган вазифалар нафақат экспорт салоҳиятини ошириш, балки умумий иқтисодий барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бугун Ўзбекистон олдида турган асосий вазифа мавжуд салоҳиятни самарали бошқариб, замонавий қишлоқ хўжалиги асосида барқарор ва диверсификациялашган экспорт инфратузилмасини шакллантиришдан иборат.
Дилрабо ХОЛБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги
масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.
ЎзА