Заковат майдонида билимлилар беллашди
Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни мантиқий фикрлаш ва билимга бўлган қизиқишини кучайтириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Шу мақсадда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Гулистон ҳарбий прокуратураси ҳамда Гулистон давлат педагогика институти ҳамкорлигида ёшлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Тадбирда ҳарбий хизматчилар ва олий таълим муассасасининг педагогика ва психология йўналиши магистр талабалари иштирок этиб, билим ва тафаккур майдонида ўзаро беллашдилар.

Интеллектуал ўйин давомида тарих, адабиёт, илм-фан, спорт ва замонавий ҳаётга оид қизиқарли ҳамда мураккаб саволлар иштирокчиларга тақдим этилди. Жамоалар тезкорлик ва аниқлик билан жавоб беришга ҳаракат қилиб, ўз билим даражаси ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этдилар.
Тадбир ташкилотчилари бу каби лойиҳалар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар. Шунингдек, бундай мусобақалар ёшлар ўртасида дўстлик ва соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаши қайд этилди.

Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтган интеллектуал ўйин якунига кўра, фахрли 1-ўринни Сафарбарлик чақирув резерви баталёни ёш ҳарбий хизматчилари қўлга киритишди. 2-ўрин Гулистон давлат педагогика институти магистр талабаларига, 3-ўрин эса Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимларига насиб этди.

Тадбир якунида ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА