Юртимиздаги 2090 та жоме масжидида Рамазон ҳайити намози ўқилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун юртимизда Рамазон ҳайити намози кўтаринки кайфият, юксак шукроналик ва бирдамлик руҳида адо этилди. Республика бўйлаб жами 2090 та жоме масжидида минглаб мўмин-мусулмонлар ибодат амалларини бажарди.
Эрта тонгдан масжидлар атрофида байрамона муҳит ҳукм сурди. Намозхонлар миллий қадриятларимизга хос тартиб ва ҳурмат билан масжидларга жам бўлиб, ҳайит намозини адо этди. Ибодат жараёнлари барча ҳудудларда кўтаринкилик ва осойишталик билан ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотига кўра, ҳайит намозини муносиб ташкил этиш мақсадида масжидларда барча зарур шароитлар яратилди. Хусусан, масжидлар ҳудуди ободонлаштирилди, қўшимча жойлар тайёрланди, овоз кучайтиргич воситалари ўрнатилди, санитария-гигиена талабларига эътибор қаратилди.
Ҳайит намозидан сўнг, ўқилган хутбаларда юртимизда ҳукмрон тинчлик-осойишталик неъматига шукроналик билдириш, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, саховат ва хайрия ишларини кенгайтириш каби эзгу амалларнинг аҳамияти хусусида сўз юритилди.
Таъкидлаш жоиз, жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва бошқа тегишли идоралар билан ҳамкорликда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Йўл ҳаракати тартибга солиниб, тез тиббий ёрдам хизматлари тайёр ҳолатга келтирилди.
Айниқса, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида қулайликлар яратилгани эътиборга лойиқ. Бу байрамнинг инсонпарварлик ва ғамхўрлик руҳини намоён этди.
Рамазон ҳайити эзгулик, бағрикенглик ва саховат рамзи сифатида халқимиз қалбида шукроналик, бирдамлик ва эзгуликка интилиш туйғуларини янада мустаҳкамлаши билан айниқса, азиз ва мукаррамдир.
Қуйида мамлакатимизнинг шаҳар ва туманларидаги жоме масжидларида ўқилган Ҳайит намози жараёнидан тайёрланган фоторепортажни эътиборингизга ҳавола этамиз:
1. Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги “Минор” жоме масжидида.
[gallery-28249]
2. Андижон шаҳридаги “Ҳазрати Билол” жоме масжидида.
[gallery-28250]
3. Бухоро шаҳридаги “Масжиди Баланд” жоме масжидида.
[gallery-28251]
4. Жиззах шаҳридаги “Қўшчинор” жоме масжидида.
[gallery-28252]
5. Навоий вилояти Кармана туманидаги “Қосим Шайх” жоме масжидида.
[gallery-28253]
6. Наманган шаҳридаги “Юсуфхон ўғли Қосимхон” жоме масжидида.
[gallery-28254]
7. Самарқанд вилоятида куни кеча давлатимиз раҳбари иштирокида расмий очилиш маросими ўтказилган Имом Бухорий мажмуасидаги кўркам масжидда.
[gallery-28256]
8. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий” жоме масжидида.
[gallery-28257]
9. Сирдарё вилоятидаги “Гулистон” жоме масжидида.
[gallery-28258]
10. Тошкент вилояти Янгийўл шаҳридаги “Жоме” масжидида.
[gallery-28259]
11. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Кўкгумбаз” жоме масжидида.
[gallery-28260]
12. Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги “Ислом” жоме масжидида.
[gallery-28261]
13. Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Шаҳид бобо” жоме масжидида.
[gallery-28262]
14. Қорақалпоғистон Республикасида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида.
[gallery-28263]
15. Пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидида.
[gallery-28264]
Камола Юсупова, ЎзА суратлари