Юридик техникум янги бинода иш бошлади
Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида ҳудудлардаги айрим касб-ҳунар ва юридик коллежлар техникумларга айлантирилди.
Юридик техникумларнинг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва ахборот-ресурслари жиҳатидан кўмаклашиш Тошкент давлат юридик университети томонидан, уларнинг фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назоратни ташкил этиш, ташкилий-кадрлар базасини мустаҳкамлаш эса — ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида таълимнинг кредит модул тизимида ўқувчилар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тўғрисида”ги низоми юридик техникумларда таълимнинг кредит-модул тизимида ўқувчилар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонларини белгилаб берди. Айни вақтда республикамизнинг барча вилоятларида юридик техникумлар ўрта махсус юридик кадрларни етказиб бермоқда.

Наманган шаҳри марказидаги собиқ академик лицей ўрнида Наманган юридик техникумининг қайта реконструкция қилинган замонавий биноси фойдаланишга топширилди. Адлия вазирлиги томонидан ажратилган 11 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига бўлажак ҳуқуқшунослар учун барча қулайликлар яратилди. 600 ўринга мўлжалланган таълим масканининг ўқув хоналари халқаро стандартларга жавоб берувчи жиҳозлар билан таъминланди.
Қолаверса, 100 ўринли фаоллар зали, ахборот технологиялари клуби, “юридик клиника” маркази, “Заковат” клуби, суд зали, ахборот ресурс маркази, йигит ва қизлар учун алоҳида турар-жойлар, 18х42 ўлчамдаги спорт зали, ўйингоҳ, 200 ўринли замонавий ошхона, эртамиз эгаларини сифатли таълим-тарбия олишларига хизмат қилади.

– 40 йил давомида ёшларга ҳуқуқ фанидан дарс бердим, – дейди фахрий муаллим Турғунпўлат Ҳакимов. – Биз ишлаган кезларда бугунгидек имкониятлар бўлмаган. Юридик техникумда шинам ва ёруғ хоналар, замонавий ўқув жиҳозларини кўриб, беҳад хурсанд бўлдим. Бундай шароитлар олий таълим муассасаларидан асло қолишмайди. Ўқувчиларимиз яратилган шароитлардан оқилона фойдаланишлари даркор. Зеро, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳуқуқий билимлар устуворлик касб этади.
Юридик техникум янги биносининг очилишида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Республика Адлия вазирининг ўринбосари Актам Муҳаммадиев иштирок этди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА