Юқори йўқотишлар сабаб 44 та туман энергетика масъули ишдан олинди
Жорий йил 24 апрель куни давлат раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида энергия самарадорлигини ошириш ва электр тармоқларидаги йўқотишларни кескин камайтириш масалалари асосий кун тартибида кўриб чиқилди. Йиғилишда электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан юқори сақланиб қолаётган 44 та туман электр тармоқлари корхоналари фаолияти кескин танқид қилиниб, масъул раҳбарлар зиммасига қатъий вазифалар юклатилган эди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов раҳбарлигида танқидий йиғилиш ўтказилди.

Тизим мутасаддилари ва мутахассислар қатнашган тадбирда соҳадаги мавжуд муаммолар, энергия йўқотишларини камайтириш ҳамда инфратузилмани модернизация қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, тармоқлардаги йўқотишларни қисқартириш ва аҳолини узлуксиз электр таъминоти билан таъминлаш бўйича ишлар танқидий таҳлил этилди.
Маълум қилинишича, “Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида республика бўйича 106 минг 140 та трансформатор пунктининг техник ҳолати текширилган. Шундан 25 минг 668 таси таъмирталаб экани аниқланган бўлиб, ҳозирда уларда таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Мулоқот давомида юқори юклама тушаётган электр тармоқларида симларни алмаштириш, эскирган инфратузилмани янгилаш ва реконструкция ишларини жадаллаштириш, шунингдек, ноқонуний уланишларнинг олдини олиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилишда энергия йўқотишларини камайтиришда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мутасаддиларга ушбу лойиҳаларни тезкор амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Газ таъминоти тизимидаги ҳолат ҳам танқидий муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар учун “Ҳудудгаз Хоразм” филиали раҳбарига нисбатан лавозимидан озод этиш чораси қўлланиши бўйича топшириқ берилди. Шунингдек, ёз ва куз-қиш мавсумига тайёргарликни кучайтириш, газ қуйиш шохобчаларини ягона тизимга улаш ҳамда аҳолига узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Вазирлик ахборот хизмати хабарига кўра, йиғилиш якунида электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан юқори бўлган ҳудудлар кесимида 44 та туман ва шаҳар электр тармоқлари раҳбарлари лавозимидан озод этилди. Жумладан, Андижон вилоятида 14 та, Жиззахда 7 та, Самарқандда 10 та, Қашқадарёда 4 та, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида эса 2 тадан раҳбар ишдан олинди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА