Юксак натижаларни қайд этишди
Сирдарё вилояти ўқувчилари Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадасида муносиб иштирок этиб, яна бир бор ўзларининг билим ва иқтидорини халқаро майдонда намоён этишди.
Сирдарёлик ёшлар халқаро олимпиадада юксак натижаларни қайд этди. Сирдарё вилояти ўқувчилари Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадасида муносиб иштирок этиб, яна бир бор ўзларининг билим ва иқтидорини халқаро майдонда намоён этишди.
Дунёнинг 16 давлатидан 221 нафар иқтидорли ўқувчи қатнашган нуфузли олимпиадада вилоятимиз вакиллари бир олтин ва икки бронза медални қўлга киритди. Жумладан, Янгиер шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабнинг 9-синф ўқувчиси Достон Раҳмонқулов математика фанидан олтин медаль соҳиби бўлди. Босимов номидаги мактабнинг 8-синф ўқувчиси Озодбек Саяқулов математика фанидан бронза медаль билан тақдирланган бўлса, Президент мактабининг 8-синф ўқувчиси Юсуф Закиров информатика йўналишида бронза медални қўлга киритди.
– Бу натижалар тасодиф эмас. Уларнинг ортида узоқ муддатли тайёргарлик, минглаб ечилган мураккаб масалалар, устозларнинг заҳматли меҳнати ва ота-оналарнинг доимий қўллаб-қувватлаши мужассам. Халқаро олимпиадада қўлга киритилган ҳар бир медаль ёшларнинг билимга чанқоқлиги, изланувчанлиги ва ўз мақсади сари қатъият билан интилишининг амалий ифодасидир, – дейди бошқарманинг бош методисти Нигора Расулова.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аниқ ва табиий фанларни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Сирдарёлик ўқувчиларнинг халқаро майдондаги навбатдаги муваффақияти ҳам ана шу тизимли ишлар натижасидир.
Буюк мутафаккир Муҳаммад ал-Хоразмий номи билан аталувчи мазкур олимпиада нафақат билимлар беллашуви, балки ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини синовдан ўтказувчи муҳим майдон сифатида ҳам аҳамият касб этади. Қолаверса, ушбу мусобақа ҳар йили ўтказиладиган халқаро математика олимпиадаси (IMO) ҳамда халқаро информатика олимпиадаси (IOI) учун муҳим тайёргарлик босқичларидан бири ҳисобланади.
– Эътиборлиси, бугунги ютуқлар фақат медаллар билан ўлчанмайди. Улар Сирдарё ёшларининг интеллектуал салоҳияти, илм-фанга бўлган қизиқиши ва халқаро рақобат майдонида муносиб ўрин эгаллашга қодир эканини намоён этмоқда. Бу эса келгусида янада юқори натижалар учун мустаҳкам замин яратади, – дейди Даврон Исоқов.
Шубҳасиз, бугунги медаллар эртанги йирик ғалабаларнинг дебочасидир. Сирдарёлик ёшлар илм-фан чўққилари сари дадил қадам ташламоқда ва мамлакатимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилишда давом этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири