Юк автомобилларининг вазн ва ҳажм меъёрларига риоя қилиниши назорат қилинмоқда
Автомобилнинг ортиқча юклар билан ҳаракатланишини чеклаш, техник ҳолатини яхшилаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ жиҳатлар доимий доимий назоратда саналади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилишни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегаралари орқали ўтказиш пунктларида, автомобиль йўлларида хорижий ва миллий транспорт воситаларининг вазн ҳамда ҳажм параметрларини назорат қилиш тартиблари белгиланган. Бу хавфсизлигини таъминлаш, автомобиль йўлларининг таъмирлараро муддатларгача бузилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Транспорт назорати инспекцияси Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси ўзаро ҳамкорликда юк автомобилларининг вазн ва ҳажм параметрларига риоя қилиниши юзасидан рейд тадбирларини ўтказмоқда.
Тадбирлар давомида юк транспорт воситалари электрон тарозилар ва махсус ўлчов ускуналари ёрдамида текширилиб, уларнинг белгиланган меъёрларга мослиги қатъий назорат қилинмоқда. Меъёр талаблари бузилган ҳолатларда эса қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда.

Транспорт назорати инспекцияси маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган даври давомида жами 291708 та юк автомобили кўчма ва стационар тарозилар орқали назоратдан ўтказилди. Ортиқча юк билан ҳаракатланган 4712 нафар ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Мазкур рейд тадбирлари орқали йўл инфратузилмасини сақлаш, транспорт воситалари хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш ҳамда қонунбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилинмоқда.
А.РУСТАМОВ, ЎзА