Ёзги таътил мароқли ўтмоқда (+видео)
Ёз - болажонларнинг севимли фасли. Ҳар йили болажонлар ёз фаслини орзиқиб кутади. Бу фаслда кимдир оромгоҳда дам олишга, яна кимдир қишлоқдаги қариндошиникига отланади. Қишлоқдаги болажонлар эса шаҳарга келиб, маданий ҳордиқ чиқаришади.
“НКМК жамғармаси” давлат муассасаси томонидан “Сармиш” болаларни соғломлаштириш оромгоҳига пресс тур ташкил этилди. Ушбу оромгоҳ энг сўлим масканлардан биридир. Жорий йилда 65 йиллигини нишонлаётган оромгоҳ Сармиш тоғлари орасида жойлашган бўлиб, салқин ва гўзал табиати, қоятош суратлари билан ҳар бир кишини ўзига мафтун этади.
– Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси тизимида 11 та соғломлаштириш маскани фаолият юритмоқда. Уларнинг 6 таси стационар, 3 таси кундузги, 2 таси эса меҳнат ва дам олиш оромгоҳларидир, – дейди “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси директори Дилшод Очилов.
Унинг таъкидлашича, “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Навоийуран” давлат корхонаси ҳамда “НКМК жамғармаси” давлат муассасасида 70 мингдан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилади. Соғломлаштириш масканлари айнан уларнинг фарзандлари учун ташкил этилган бўлиб, йилнинг тўрт фаслида фаолият кўрсатади.
Ҳар бир мавсумда 3 мингдан зиёд бола дам олади. Натижада йил давомида 12 минг 360 нафар ўғил-қиз соғломлаштириш хизматларидан баҳраманд бўлади.
[gallery-30019]
Мавсумга тайёргарлик ишлари ҳар йили октябрь-ноябрь ойларидан бошланади. Бу жараёнда масканларни таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва замонавий жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Барча дам олиш масканлари зарур тиббий ускуналар, маиший техника ҳамда спорт анжомлари билан жиҳозланган.
Шунингдек, асосий соғломлаштириш масканларида комбинат, касаба уюшмалари ва жамғарма маблағлари ҳисобидан бассейнлар таъмирланиб, махсус қопламалар билан жиҳозланган. Бу эса болаларнинг хавфсиз ва қулай шароитда ҳордиқ чиқаришига хизмат қилмоқда.
Овқатланиш масаласи ҳам доимий эътибор марказида. Таомлар белгиланган меъёр ва санитария талаблари асосида тайёрланиб, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланилади.
Жорий йилги ёзги мавсумнинг биринчи босқичида 660 нафар болажон дам олмоқда. Оромгоҳда 20 та гуруҳ фаолият олиб боради. Болалар учун кутубхона ва 4 та турли йўналишдаги тўгараклар ташкил этилган бўлиб, улар орқали болажонларнинг қизиқишлари ривожлантирилмоқда. “Бахтли болалик болажонлари” шиори остида бошланган дам олиш жараёнида болалар учун турли маданий, маърифий ва спорт тадбирлари йўлга қўйилган. Оромгоҳда 74 нафар педагог-тарбиячи болаларнинг таълим-тарбиявий жараёнларини ташкил этмоқда.
– Болаларнинг мазмунли ва хавфсиз дам олиши учун барча шароит яратилган. Кун эрталабки бадантарбия машғулотлари билан бошланади. Шунингдек, улар учун беш маҳал сифатли овқатланиш йўлга қўйилган, бассейн ва турли тўгараклар фаолият кўрсатади, – дейди тарбиячи Фарида Ҳасанова. – Сармиш дараси тарихий аҳамиятга эга маскан ҳисобланади. Бу ерда петроглифлар ва қадимий ёзув намуналари сақланган. Ёш авлодни мазкур маданий мерос билан яқиндан таништириш мақсадида ҳар мавсумда саёҳатлар ташкил этилади. Эрта тонгдан йўлга чиқиб, оромгоҳ раҳбарияти билан ҳамкорликда уларга қизиқарли маълумотлар бериб борамиз. Мавсум бошланишидан аввал тарбиячилар учун март ойидан май ойигача махсус ўқув машғулотлари ва семинарлар ўтказилади. Биз оромгоҳга икки кун олдин келиб, гуруҳ хоналарини тартибга келтирамиз, бурчакларни безаймиз ва ётоқхоналарни ўзига хос услубда жиҳозлаб, болаларни муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрамиз.
“Сармиш” болалар соғломлаштириш оромгоҳи нафақат болаларнинг ҳордиқ чиқариши, балки уларнинг ижодий, жисмоний ва интеллектуал ривожланишида ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sgRtbo2TNT8" title="Yozgi ta’til maroqli o`tmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари