Ёшлар учун бизнес-сайёҳат ташкил этилди
Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан таништириш ҳамда келгусида муносиб касб эгаллаши учун зарур билим ва кўникмаларни ошириш мақсадида Тошкент вилоятида турли амалий ташаббус ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, “Ёшлар – Келажагимиз” жамғармаси Тошкент вилояти филиали, Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Тошкент ҳарбий округи ташаббуси билан "Нурафшон махсус техника" корхонасига бизнес-саёҳат ташкил этилди. Унда ҳарбий хизматчилар ва ёшлар корхона фаолияти, ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологиялар ва маҳсулот тайёрлаш жараёнлари билан яқиндан танишди. Масъул мутахассислар замонавий техникалар, уларнинг ишлаш тамойиллари, техник имкониятлари ва амалиётда қўлланилиши ҳақида батафсил маълумот берди.
Мазкур корхона йилига 3,5 минг дона шасси, 1,5 минг дона махсус ва ҳарбий техника, 2 минг дона қишлоқ хўжалиги техникаси, жумладан, тракторлар, шунингдек, 7 минг 200 тонна металл конструкция ишлаб чиқариш имконига эга. Жараёнда қўлланилаётган замонавий ускуна ва технологиялар АҚШ, Германия, Италия, Швеция, Россия, Хитой ва Туркия каби давлатлардан келтирилган. Бу эса ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, замонавий техник талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар турини кенгайтириш имконини бермоқда.

Корхонанинг яна бир муҳим жиҳати импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имкониятидир. Лойиҳа доирасида йилига 15–18 миллион доллар миқдоридаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имконияти мавжуд. Бу эса ички бозор талабини таъминлаш билан бир қаторда, мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқариш занжирини кенгайтириш ва саноат салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бизнес-сайёҳат давомида ёшлар ишлаб чиқариш жараёнларини бевосита кузатиб, техника ва технологиялар билан танишиш баробарида турли касб ва мутахассисликлар ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлди.

– Амалий жараёнларни кўриш уларнинг тадбиркорликка қизиқишини ошириш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишларни англаш ва келгуси касбий режаларини белгилашга хизмат қилди, – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши бўлим бошлиғи Муҳаммад Юсуф Али Раҳматов. – Шунингдек, мулоқотлар жараёнида ёшларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилди. Замонавий технологияларни ўзлаштириш, касбий билимларни мунтазам ошириб бориш, ташаббускорлик ва меҳнатсеварлик каби сифатларни шакллантиришнинг аҳамияти хусусида фикр алмашилди. Айниқса, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларнинг ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишиши уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, жамиятда ўз ўрнини топиши ва хизматдан кейинги фаолиятини тўғри режалаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Тошкент вилоятида ёшлар билан ишлашнинг бундай амалий механизмларини кенгайтириш, уларни ишлаб чиқариш ва бизнес муҳити билан яқинлаштириш, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун зарур имкониятларни яратиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА