Ёшлар таклифлари рағбатлантирилди
Пойтахтимиздаги “Аструм” академиясида “Ёшлар ҳуқуқлари ва глобал муаммолар” мавзуида сессия бўлиб ўтди.
Маълумки, жорий йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йили”га оид Давлат дастури доирасида мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, саломатлигини сақлаш ва улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” ҳафталиги доирасида ташкил этилган “Ёшлар ҳуқуқлари ва глобал муаммолар” мавзусидаги сессия 2 та асосий йўналишдан иборат бўлди. Жумладан, ёшлар ҳуқуқлари ва халқаро ҳамкорлик, глобал муаммолар: экология, миллатлараро тотувлик ва волонтёрлик масалалари бўйича ташкил этилди.
Иккала йўналиш бўйича белгиланган аудиторияларда шу кунга қадар www.yoshlarforumi.uz платформаси орқали таклифлар юборган ва экспертлар томонидан энг яхши таклиф эгалари, деб топилган ҳудудлардан келган иштирокчилар ўз лойиҳалари тақдимотини намойиш қилишди ва фикр-мулоҳазалар алмашди.

Маълумот ўрнида, республиканинг барча ҳудудларидан ёшлар 12 декабрга қадар ёшлар ҳуқуқлари, халқаро ҳамкорлик, глобал муаммолар: экология, миллатлараро тотувлик ва волонтёрлик масалалари йўналишлари бўйича жами 1 минг 500га яқин таклифларини www.yoshlarforumi.uz интерактив порталига йўллаганлар. Мазкур йўналиш бўйича 60 та энг сара ва пухта деб топилган таклифлар экспертлар томонидан сараланиб, мазкур сессияга қадар етиб келган.

Сессия доирасида куннинг биринчи ярмида 60 та таклиф кўриб чиқилди, куннинг иккинчи ярмида ялпи мажлисда иштирокчиларнинг лойиҳаларини тинглаш ва баҳолаш ва якунда ҳар бир йўналиш бўйича 5 тадан энг долзарб лойиҳа муаллифлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан рағбатлантирилди.
Сессия якуни бўйича ёшлар ҳуқуқлари ва глобал муаммолар масаласида дастур шакллантирилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА