АОКАда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Долзарб 90 кун” тадбирлари ва “Ёшлар ойлиги” доирасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда агентлик ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров маълумот берди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ёзги таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича “Долзарб 90 кун” тадбирларини ўтказиш бўйича топшириқлари юзасидан вазифалар белгиланди.
Хусусан, "Долзарб 90 кун" доирасида 7 миллион нафар ўқувчи-ёшларни маданий-маърифий ва спорт тадбирларига жалб қилиш режалаштирилган. Шулардан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 3 миллион, Ёшлар ишлари агентлиги 1 миллион, Спорт вазирлиги 640 минг, Маҳаллалар уюшмаси 260 минг, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 250 минг, Туризм қўмитаси ва Маданий мерос агентлиги 135 минг, Касаба уюшмаси 158 минг, Маданият вазирлиги ҳамда Кинематография агентлиги 1,2 миллион, Рақамли технологиялар вазирлиги 101 минг ва Куч тузилмалари 322 минг нафар ёшни қамраб олишни режа қилган.
“Долзарб 90 кун” тадбирларини юқори даражада ташкил этиш бўйича 17 та вазирлик ва идоралар билан келишилган 18 банддан иборат Чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ушбу вазифаларни юқори даражада ташкил этиш бўйича жорий йилнинг 31 май куни пойтахтимиз Тошкент шаҳри ва барча худудларда “Долзарб 90 кун” тадбирларига старт берилди.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ибрат фарзандлари”, “Қизлар академияси”, “Мутолаа” лойиҳалари доирасида 90 минг нафар ўқувчи-ёшлар жалб қилинади. “Заковат” лойиҳаси доирасида 120 минг нафар ёшлар жалб қилинади. “Ёшлар туризми” ойлиги тадбирлари доирасида 30 минг нафар ўқувчи-ёшлар жалб қилинади. Маданий-маърифий ва спорт тадбирлари доирасида 760 минг нафар ўқувчи-ёшлар бўш вақти мазмунли ташкил этилади.
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясининг “Ёзги таътил вақтида умумтаълим мактаблари ўқувчилари, талабалар, маҳалладаги ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда 30 июнь – “Ёшлар куни” тадбирларини юқори даражада ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги мажлис баёнига асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари, халқимиз севган хушовоз хонандалар иштирокидаги гала-концерт дастурлари ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2021 йилдан бошлаб ўтказилаётган “Ёшлар овози” – Бўзатов ФЕСТ танлови ҳам якуний паллага кирди. Танлов бахшичилик, анъанавий ижро, опера ва эстрада йўналишлари бўйича маҳалладан бошланиб, сектор, туман, вилоят босқичларида ўтказилди. Айни кунларда танловнинг бу йилги мавсуми авж палласига кирмоқда. Танловнинг республика босқичи Ёшлар ойлиги доирасида 3-7 июнь кунлари илк маротаба Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Шунингдек, “Глобал ёшлар фестивали” доирасида 3-6 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида “Ёшлар тадбиркорлиги” ҳафталиги ташкил этилади. Ҳафталик доирасида халқаро бизнес марафон, Ўзбекистон-Покистон ёш тадбиркорлар форуми, Ўзбекистон-Хитой ёш тадбиркорлар форуми ўтказилиши режалаштирилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА