Ёшлар истеъдод, иқтидор ва маҳоратини намойиш этди
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида “Янги Ўзбекистон – ёшлар мамлакати!” шиори остида фестиваль ўтказилди.
“Ёшлар ойлиги” доирасида ташкил этилган байрамона тадбирда тадбиркорлик, бандлик, китобхонлик, сунъий интеллект ва инновациялар, хорижий тилларни ўрганиш, қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар ташаббусларини ривожлантиришга қаратилган кўргазмалар, семинар-тренинг ва очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди. Меҳнат ярмаркаси, китоблар кўргазмалари, интеллектуал ўйинлар, шахмат мусобақалари ва турли танловлар уюштирилди.

Туман ҳокими Қосим Мардонов фестиваль майдонида ташкил этилган павильонлар билан танишиб, ёшлар билан самимий суҳбатлашди. Ёшлар илгари сурган таклиф ва ташаббуслар тингланди. Фестивалнинг танлов, лойиҳа ва беллашувларида ғолиб бўлган ўғил-қизлар муносиб рағбатлантирилди.

Ёшларнинг ўзига хос шодиёнасига айланиб, уларнинг иқтидор, истеъдод ва маҳоратини кенг намойиш этган фестивалда спортнинг футбол ва мини-футбол турлари бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаси туман босқичи ғолибларига кубок ва эсдалик совғалари ҳам тантанали топширилди. Пойтахтдан келган санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири