Ёшлар — ҳуқуқ тизимининг эртанги таянчи
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга мутахассислар сифатида тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, ҳуқуқий соҳада етук, масъулиятли ва ватанпарвар кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада олий таълим муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Ана шундай самарали ҳамкорлик намунаси сифатида Бош прокуратура ҳамда Бухоро давлат университети ўртасида имзоланган “Ҳамкорлик меморандуми” доирасида амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда. Мазкур ҳамкорлик ёшларни малакали юридик кадрлар сифатида тайёрлаш, уларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.

Ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” этиб белгилангани муносабати билан талабаларнинг билим ва салоҳиятини баҳолашга қаратилган алоҳида тадбир ташкил этилди. Унда “Бўлажак прокурорлар клуби” га аъзо бўлиш истагини билдирган талабалар ўртасида тест синовлари ва суҳбатлар ўтказилди.

Саралаш жараёнлари очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилиб, энг муносиб, билимли ва юқори интеллектуал салоҳиятга эга ёшлар танлаб олинди. Бу эса танловда адолатлилик ва холисликни таъминлашга хизмат қилди.
Мазкур тадбирлар ёшларни ҳуқуқий соҳада қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, прокуратура органлари учун салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири