Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев ўзи масъул бўлган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилган мазкур учрашув самимий ва эркин муҳитда ўтиб, ёшларнинг ташаббус ва таклифларини ўрганиш, шунингдек, уларни ўйлантираётган муаммоларга амалий ечим топишга йўналтирилди.
Сайёр мулоқотда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, таълим олиш ва тадбиркорликка интилишларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар бир мурожаат диққат билан эшитилиб, мутасадди ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилди. Айрим муаммолар шу ернинг ўзида ҳал қилинди.

Жумладан, туманнинг Сойибобод маҳалласидан Темир Пўлатов ёшлар ўртасида киберспортни ривожлантириш мақсадида компьютер ўйинлари зали очиш ташаббусини билдирди. Лойиҳани амалга ошириш учун унга АТ “Алоқабанк” орқали 100 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиш таклифи берилди.
Шу маҳаллада яшовчи, юридик коллеж битирувчиси Сабрина Муҳаммадова эса мутахассислиги бўйича ишга жойлашишда ёрдам сўради. Унинг мурожаати мутасадди ташкилотлар томонидан назоратга олиниб, ечим топиш учун зарур чоралар белгиланди.

Олимжон Жўраев ҳар бир ёшнинг орзу-умиди ва ташаббуси эътибордан четда қолмаслиги лозимлигини таъкидлар экан, ёшларга ишончли муҳит яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш маҳаллий раҳбарларнинг устувор вазифаси эканини қайд этди.

Мулоқот фақат муаммоларни эшитиш билан чекланмади — у ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очди. Кимдир ўз орзусини айтди, кимдир эса унга етиш йўлини топди.
Энг муҳими — ёшлар эшитилди, уларда “бу сенинг масаланг, сенинг режанг, сенинг келажагинг” деган ишонч уйғотилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири