Ҳозир ишлаб чиқариш корхоналарида муқобил энергия манбаларига, жумладан, қуёш энергиясига ўтиш замонавий технологиялар ёрдамида ускуналарнинг энергия сиғимини ва энергия самарадорлигини ошириш энергия сарфини камайтириш имконини беради.
Технологик жараённи автоматлаштириш ва бошқаришда сунъий интеллектни жорий этиш энергия сарфини оптималлаштиради, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ва жорий юкламага қараб ускуналарнинг ишлашини тартибга солади.
Хусусан, ОКМКнинг Рух заводи мутахассислари ушбу йўналишда самарали ўзгаришларни амалга оширмоқда. Жорий йилда мазкур заводнинг ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича “Йўл харитаси” тузилди. Аввало, корхона мутахассислари томонидан асосий кўрсаткичлар ўрганилди. 2022-2024 йилларнинг маълумотларига кўра, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш таннархида электр энергияси харажатлари умумий таннархнинг 27,2 фоизни ташкил этиши аниқланди.
Заводнинг энг кўп энергия сарфлайдиган бўлинмаси электролит цехи бўлиб, умумий электр энергияси истеъмолининг 75-80 фоизига тўғри келади. Жумладан, вельцлаш цехи эса табиий газнинг асосий истеъмолчиси ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, энергия сарфини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
– Сўнгги йилларда техник жиҳатдан арзон ва атроф-муҳит учун мутлақо хавфсиз энергия манбаи ҳисобланган қуёш энергиясига бўлган қизиқиш ривожланмоқда, – дейди Рух заводининг бош энергетиги Георгий Эмануилов. – Минтақамизда экологик вазиятни яхшилаш учун нафақат ҳаво, сув, оқова сувларни тозалаш технологияларини жорий этиш, балки “яшил” энергетикадан кундалик ҳаётда ҳам, ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланиш зарурлигини барчамиз яхши тушунамиз. Ҳозирги кунда Рух заводи ҳудудида соатига 125, 200 ва 160 киловатт қувватга эга 3 та фотоэлектр станция ўрнатилган бўлиб, тўрт ой давомида 203 минг 657 киловатт “яшил” энергия ишлаб чиқарилди. Бу билан атмосферада карбонат ангидрид чиқиндилари камаяди, иссиқхона эффектининг олди олинади ва энергия ресурслари тежалади.
Таъкидлаш лозим, энергияни тежашда инсон омили катта аҳамиятга эга. Соҳа ходимларининг бу борадаги саводхонлигини ошириш, шунингдек, энергия ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлишни тарбиялашга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари заводда тизимли равишда олиб борилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.