Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) бошчилигида Қийноқларни олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи Жамоатчилик гуруҳи аъзолари томонидан Навоий вилоятидаги бир қатор ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасалардаги шароитлар юзасидан мониторинг ўтказилди.
Дастлаб Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги Жамоатчилик гуруҳи Навоий шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бўлди. Мониторингда ушбу муассасада сақланаётган шахсларга яратилган шарт-шароитлар, жумладан, яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, тергов ва адвокатлар хоналари ҳолати ўрганилди.

Навоий шаҳрида жойлашган 11-сон Жазони ижро этиш колониясида ўтказилган мониторингда эса маҳкумларнинг меҳнат шароитларига ва озиқ-овқат таъминотига алоҳида эътибор қаратилди.
Колонияда маҳкумларни касбга ўргатиш мақсадида 14 та тўгарак ташкил этилган. Касб ўрганиб сертификат олган маҳкумлар мавжуд цехларда меҳнатга жалб қилинади. Бу уларда масъулият ҳиссини шакллантириш ҳамда озодликка чиққанидан сўнг ижтимоийлашувига ёрдам беради.

– Бу ерга келгандан кейин озодликнинг қадрига етдим, – дейди маҳкумлардан бири. – Колонияда ташкил этилган иссиқхонада помидор етиштирмоқдаман. Уларни уруғидан кўкартирдим. Ҳозир помидорлар ҳосилга кирган. Ҳар куни келиб парваришлайман. Бу ерга келгунимча деҳқончилик ишларини қилмаганман. Онам кўришга келганида ишлаяпман, иссиқхона қилиб, маҳсулот етиштиряпман, десам ишонмади. Бошлиқлар ҳақиқатан ҳам ишлаяпти, ижобий томонга ўзгарган, деб иссиқхонага олиб киришди. Онам кўриб хурсандчилигидан йиғлаб юборди. Озодликка чиққанимдан кейин иссиқхона ташкил этиб, аҳолимизга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириб бераман.
Ўрганишлар давомида маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, мурожаатлари қабул қилинди.

– Бугунги кунда ушбу колонияда Омбудсман ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тор доирадаги мутахассислар жалб этилган ҳолда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда, – дейди Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Жўраев. – Маҳкумлардаги мавжуд касалликлар эрта аниқланади ва олди олинади. Бу каби тадбирлар вилоятдаги 4-, 5- ва 12-сонли Жазони ижро этиш колонияларида ҳам ташкил этилган.
Жамоатчилик гуруҳи Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг Наркология хизмати вилоят филиалида ҳам бўлди. Бу ерда даволанаётган шахсларга яратилган шароитлар кўздан кечирилиб, уларнинг ётоқ жойлари, ошхона, спорт хоналари, тиббиёт бўлими ва дори-дармон воситаларининг сақланиш шароитлари ҳамда санитария-гигиена қоидаларига мувофиқлиги ҳолати ўрганилди.

Таъкидлаш ўринлики, бу ерда 100 ўринли стационар бўлими 30 ўринли ихтиёрий даволаш ҳамда 70 ўринли мажбурий даволаш бўлимларидан иборат. 2025 йилнинг 1-чорагида ихтиёрий даволаш бўлимида 173 нафар, мажбурий даволаш бўлимида эса 61 нафар фуқаро даволаниб чиққан. Айни пайтда 110 нафар бемор даво муолажаларини олмоқда.
Мониторинг ташрифлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири