“Йўл хариталари”нинг ижросида камчиликлар бор
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси кенгайтирилган мажлиси ўтказилди.
Унда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг Туркия Республикаси ва Япония Республикасига олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича имзоланган “Йўл хариталари”нинг савдо-иқтисодий ва инвестицияга оид қисми ижро этилиши тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Туркия билан биргаликда 608,3 миллион долларлик 49 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилгани қайд этилди. Бугунги кунда Туркия компаниялари инвестицияларининг қарийб ярми муваффақиятли ўзлаштирилди. Бу эса мамлакатимизнинг тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноати салоҳиятини сезиларли даражада ошириш имконини берди.
Япония бўйича тузилган “Йўл харитаси” асосида 4 миллиард 393 миллион АҚШ долларига тенг 40 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилди. Ушбу инвестицияларнинг жалб қилиниши мамлакатимиз энергетика соҳасини кенг кўламли модернизациялашни бошлаш имконини берди. Бу янги электр станциялар қурилишини, шунингдек, ёқилғи-энергетика тармоғига замонавий технологиялар жорий этилишини назарда тутади.
Мажлисда “Йўл хариталари”нинг ижроси танқидий таҳлил этилиб, инвестиция лойиҳалари ва экспорт шартномаларини амалга ошириш учун масъул идоралар фаолиятига баҳо берилди.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, “Ўзтекстилсаноат” уюшмаси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг инвестиция лойиҳалари бажарилмаган ёки ижро муддати бўйича жиддий тарзда кечиктириб бажарилмоқда.

Япония бўйича “Йўл харитаси”даги Энергетика вазирлиги, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги, “Ўзтекстилсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Миллий банкининг лойиҳалари амалга оширилмаган ёки муддатлар бўйича кечиктирилмоқда.
Шу билан бирга, ҳар бир лойиҳани амалга ошириш учун индивидуал муаммолар билан бир қаторда, “Йўл хариталари”нинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани, шунингдек, ҳозирги кунда инвестиция лойиҳалари ва экспорт шартномалари бажарилишини назорат қилишнинг пухта ишланган тизими мавжуд эмаслиги таъкидланди.
Масалан, ўрганиш шуни кўрсатдики, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ҳудуддаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши тўғрисида тегишли ҳоким ўринбосарининг ахборотини эшитиш амалиёти йўлга қўйилмаган. Қолаверса, вазирликлар ва идоралар у ёки бу минтақада биринчи ўринда ривожлантириш лозим бўлган устувор тармоқлар ва хизматлар тўғрисида аниқ тасаввурга эга эмас.
Бундан ташқари, Сенат аъзолари ташқи савдо бозорларида маркетинг тадқиқотларининг сифатсизлиги билан боғлиқ муаммолар борлигини, бу эса тузилган экспорт шартномаларининг тўлиқ бажарилмаслигига сабаб бўлаётганлигини қайд этдилар.
Юқори даражадаги сансалорлик сақланиб қолаётганлиги лойиҳа ҳужжатлари босқичма-босқич ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини етарли даражада таъминламасликда намоён бўлмоқда. Бу молиялаштиришнинг, маблағлар ўзлаштирилишининг ва натижада инвестиция лойиҳаси доирасидаги корхонани ишга туширишнинг кечикишига олиб келмоқда.
Мажлис якуни бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА