Йўл танлашдан олдин йўлдош танлаш муҳим
Ҳар бир инсон вояга етгач, илмий, маънавий камолотдан ташқари муҳим босқичга дуч келади. У ҳам бўлса, оила қуриш босқичи. Бу босқич шу қадар муҳимки, кишининг бутун умрлик ҳаёт тарзи бунда мужассам.
Шундай экан, бу муқаддас қўрғонга қадам қўйишдан олдин унинг моҳиятини чуқур англаб етиш талаб этилади. Зотан, тасаввуфда йўл танлашдан олдин йўлдош танлаш муҳим деган тушунча кенг фалсафий маънога эга. Дарҳақиқат, ҳаёт йўлларида инсон энг кўп муносиб йўлдошга муҳтож.
Оилада нафақат турмуш фаровонлиги, балки маънавий бирдамлик, руҳий яқинлик ғоят муҳим аҳамиятга эга. Негаки, инсон фитратида ҳар қачон кимдандир ишонч, меҳр ва суянч ҳис қилиб яшаш истаги бор. Буларсиз ҳеч бир киши бирор бир муваффақиятга эришмоғи имконсиз. “Одам тафтини одам олади” деган мақол ҳам шу мезонлардан келиб чиқиб айтилган. Бунда кишининг энг яқин дўсти эса унинг умр йўлдоши бўлиши нур устига нур.
Умуман олганда, оила ва унинг мўътабарлиги борасида фикрлар оқими чексиздек гўё. Бироқ, бунда оғриқли нуқталарга ҳам тўхталмай илож йўқ. Маълумки, барқарор жамият асосини мустаҳкам оилалар ташкил этади. Шундай бўлса-да, ажримлар сонининг ортиб бориши кишини хавотирга солади. Масаланинг моҳиятига қаралганда эса юқорида саналган омилларга эътиборсизлик оилалар бузилишига олиб келмоқда.
Мамлакат тараққиётига маълум бир соҳани юксалтириш орқалигина эришиб бўлмайди. Шу маънода сўнгги йилларда бу масалага ҳам жиддий ёндашилмоқда. Хусусан, эрта турмушнинг олдини олиш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳга йўл қўймаслик шулар жумласидан.
Ушбу ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бериб, ёшлар, айниқса қизлар таълимга фаол жалб қилинмоқда. Бундан кўзланган ягона мақсад илмли оналар комил фарзандлар тарбиялашига ишончдир.
Янги Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган янги, шаффофликка қурилган сиёсатнинг мақсади эскича дунёқарашдан воз кечиш, эркин фикрлилик ва тенг имкониятни таъминлашдан иборат. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, бунинг моҳиятини ҳали англаб етмаганлар ҳам учраб турибди.
Хусусан, ўз фарзандлари тақдирига нисбатан жиддий ёндашмаётган ота-оналар ана шундай тоифалардан. Улар фарзандлари устидан унинг мақсадлари, хоҳиш-истакларига қарамай, мажбурий ҳукм чиқарадилар. Бу эса ёшлар келажагига жуда салбий таъсир ўтказади. Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, ҳеч қачон мақсадлари бир бўлмаган, бир-бирини қалбан ҳис қилмаган жуфтликдан асло бахтли оила вужудга келмайди. Зеро, муқаддас китобларимизда ҳам оила қуришга мажбурлаш қаттиқ қораланади.
Хулоса қилиб айтганда, оила қуришдан олдин ҳар бир деталга алоҳида ёндашмоқ талаб этилади. Бунда муҳим бўлмаган деталнинг ўзи йўқ. Бунинг учун эса ҳам катталардан, ҳам ёшлардан фақат ва фақат савия талаб этилади.
Бу даражага эса китоб ўқиш ва тафаккур қилиш орқали эришилади. Зотан, китобхонлик тарғиботлари ҳам шу мақсадда амалга оширилмоқда. Шундагина бахтиёр оилалар ва фаровон жамият барпо этмоғимиз мумкин. Бу йўлда ҳар биримиз ўз масъулиятимизни муносиб адо этсак, албатта кўзланган мақсадимиз ҳосил бўлади.
Шербек Исломов, ЎзА