"Йилнинг энг фаол ёш ходими” танлови ғолиблари аниқланди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида фаолият юритаётган ёш ходимлар ўртасида “Йилнинг энг фаол ёш ходими” танловининг саралаш босқичи бўлиб ўтди.
Институтда фаолият юритаётган ташаббускор, интеллектуал салоҳияти юксак, касбий маҳоратга эга ёш ходимларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда 6 нафар ёш ходим иштирок этиб, ўз билим ва салоҳиятларини намоён этди.


Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган баҳолаш мезонлари асосида холис ва шаффоф тарзда баҳолаб борилди. Танлов якунларига кўра, энг юқори натижаларни қайд этган иштирокчилар ғолиб деб топилиб, тақдирланди. Ғолибларга диплом, эсдалик совғалари ҳамда бир марталик моддий рағбатлантириш маблағлари топширилди.

Шунингдек, танловда энг юқори балл тўплаган Педагоглар маркази доценти Ф.Юсупова Институт номидан танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур танлов ёш ходимларнинг касбий ва шахсий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда Институт жамоасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА