Йил сарҳисоби: 2025 йил дунё нималарни бошдан кечирди?
Ўтган йилда жаҳон сиёсати ва иқтисодиётини, ҳукуматлар ва жамиятни шакллантирадиган кўплаб муҳим, таъсирчан воқеаларга гувоҳ бўлдик. Геосиёсий ёндашувлар, ўзаро тушунмовчиликлар, глобал иқтисодий ёки экологик муаммолар ҳар бир ҳудудда акс-садо берди.
2025 йил жумладан, тарихий сайловлар ва глобал тартибсизликлар билан эсда қолди, дейиш мумкин. Россия – Украина зиддиятининг тўртинчи йили давом этаркан, Яқин Шарқдаги можаролар, хусусан Исроил – Ҳамас низоси, Африка мамлакатларида давлат тўнтаришлари ва Непалда “Z” авлод бошчилигидаги норозилик намойишлари кутилмаган воқеа бўлди.
Ўтган йилда АҚШ, Канада, Германия ва Японияда янги миллий лидерлар сайланди ва баъзи ҳокимият алмашинувлари баҳсли кечди. Лео XIV эса биринчи америкалик Рим папаси сифатида тарихга кирди.
Умуман, ўтган йил дипломатик ютуқлардан тортиб, халқаро тизимнинг тинчликни сақлаб қолишдаги муваффақиятсизлигигача, тарихий юксалишлардан кескин депсинишларгача, барини кузатдик.
Январь
7 январь. Қўшма Штатларнинг Лос-Анжелес ҳудудида ўрмон ёнғинлари бошланиб, қарийб бир ой давом этди. Зарар миқдори 131 миллиард доллар атрофида деб баҳоланган табиий офат натижасида 30 киши ҳалок бўлди.
20 январь. Дональд Трамп АҚШнинг 47-президенти сифатида қасамёд қабул қилди.
29 январь. Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатидаги Праяграж шаҳрида “Кумбх Мела” байрами тантаналари пайтида юз берган тиқилинчда камида 30 киши ҳалок бўлди.
Февраль
2 февраль. Жаҳон эстрадаси юлдузи Беёнсе учта “Гремми” мукофотини қўлга киритиб, ўз рекордини янгилади. У шунингдек, “Cowboy Carter” албоми учун “Энг яхши альбом” номинациясида “Гремми”ни қўлга киритган биринчи қора танли аёл сифатида тарихга кирди.
Март
2 март. “Firefly Aerospace”нинг “Blue Ghost” аппарати Ойга муваффақиятли қўнишни амалга ошириб, биринчи тижорий модул сифатида эътироф этилди.
14 март.Либерал партиядан Марк Карни Канада бош вазири сифатида қасамёд қилди.
21 март. Нетумбо Нанди-Ндетваҳ Намибия президенти сифатида қасамёд қилди ва мамлакат тарихида бу лавозимни эгаллаган биринчи аёл раҳбар бўлди.
28 март. Мянмада юз берган 7,7 магнитудали зилзила 3600 дан ортиқ кишининг ўлими ва минглаб одамларнинг жароҳатланишига сабаб бўлди.
Апрель
21 апрель. Рим папаси Франциск 88 ёшида вафот этди.
Май
6 май. Фридрих Мерц Германия канцлери бўлди. Ҳуқуқшунос ва сиёсатчи бўлган Мерц 2022 йилдан буён ўлкадаги Христиан-демократик иттифоқи партиясига раҳбарлик қилиб келаётган эди.
7 май. Ҳиндистон Покистондаги бир нечта базаларга қатор ракета зарбаларини берди, бу эса икки мамлакат ўртасидаги кескинликнинг янада кучайишига олиб келди. Можаро 22 апрель куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатидаги Пахалгам курорт шаҳри яқинида қуролли шахсларнинг сайёҳларга ўт очиши ва 26 кишини ўлдириши натижасида келиб чиққан эди. Бундан олдин икки давлат “Ҳинд сувлари шартномаси” ва “Шимла келишуви” каби икки томонлама битимларни тўхтатиб қўйган эди. 10 май куни ўт очишни тўхтатиш эълон қилинди.
Июнь
12 июнь. Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Аҳмадобод шаҳрида “Air India” авиакомпаниясининг 171-рейси ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай ҳалокатга учради. Бортдаги 242 йўловчи ва экипаж аъзоларидан фақатгина бир киши омон қолди.
22 июнь.Исроил – Эрон можароси пайтида АҚШ ҳарбийлари Эрон ядровий объектларига зарбалар берди. Орадан икки кун ўтиб Исроил ва Эрон ўт очишни тўхтатишга келишиб олди.
26 июнь.Мода оламининг нуфузли шахсларидан бири Анна Винтур 37 йиллик фаолиятидан сўнг “Vogue” журнали бош муҳаррири лавозимидан кетишини эълон қилди. Бироқ у нашрнинг глобал таҳририят директори сифатида фаолиятини давом эттирди.
Июль
1 июль. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) президент Дональд Трамп ва Ҳукумат самарадорлиги департаменти нишонига айланганидан сўнг ёпилди. 1961 йилда асос солинган агентлик 100 дан ортиқ мамлакатларда глобал иқтисодий фаровонликни рағбатлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, демократияни мустаҳкамлаш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш каби йўналишларда фаолият юритган.
- Жанубий Кореянинг машҳур “BTS” гуруҳи аъзолари мажбурий ҳарбий хизматни тугатгандан сўнг яна бирлашди.
- НАСА олимлари “3И/АТЛАС” юлдузлараро объектини аниқлади.
24 июль.Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги низо чегарада очиқ қуролли тўқнашувга айланди. Отишмалар “Прэахвихеа” деб номланган қадимий ибодатхона яқинида рўй берди.
Август
7 август. “Open AI” компанияси ахборот технологияларида ютуқ сифатида таърифланган ChatGPT-5 ни чиқарди.
15 август. Болливуднинг машҳур киноларидан бири сифатида эътироф этилган “Қасос ва қонун” (“Шолай”) филми намойиш этилганининг 50 йиллиги нишонланди.
Сентябрь
2 сентябрь. АҚШ ҳарбийлари Венесуэла сувларида ва унинг яқинида ҳаракатланаётган кичик фуқаролик қайиқларига қарши бир қатор ҳалокатли зарбаларнинг биринчисини амалга оширди. Расмий Вашингтон бу ҳужумларни нишонга олинган кемалар гиёҳванд моддалар контрабандаси ва терроризм учун ишлатилаётгани билан оқлади.
8 сентябрь. Непалда “Z” авлодининг кескин норозилик намойишлари бошланди: минглаб талабалар ҳукуматнинг ижтимоий тармоқларга қўйган кенг қамровли тақиқига қарши чиқди. Бу қўзғолон сиёсий инқирозни келтириб чиқарди ва охир-оқибат мамлакат бош вазирининг истеъфосига олиб келди.
22 сентябрь. Франциялик футболчи Усмон Дембеле “Энг яхши эркак ўйинчи” сифатида ўзининг биринчи “Олтин тўп”ини қўлга киритди. Аёллар ўртасида эса испаниялик Айтана Бонмати кетма-кет учинчи йил ғолиб бўлди.
Октябрь
10 октябрь. Исроил-ҲАМАС зиддиятида ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирди. Можаро бундан тахминан уч йил аввал ҲАМАС Ғазо секторидан Исроилга ҳужум қилиб, мингдан ортиқ одамни ўлдириб, бир неча юз кишини гаровга олганида бошланган эди. Шундан сўнг, Исроил ушбу қуролли гуруҳга қарши уруш эълон қилди ва жанглар бутун Ғазо секторида кенг кўламли вайронагарчиликларга ҳамда ўн минглаб ғазоликларнинг ўлимига сабаб бўлди.
19 октябрь. Бир гуруҳ талончилар Лувр музейига бостириб кириб, 19-асрга оид тўққизта заргарлик буюмини ўғирлаб кетди. Шундан сўнг, Франция ҳукумати кўплаб гумонланувчиларни қўлга олиб, уларга айблов эълон қилди, бироқ тарихий қимматбаҳо буюмларни топа олмади.
21 октябрь. Санаэ Такаичи Япониянинг биринчи аёл бош вазири бўлди. Қатъий консерватив қарашларга эга бўлган бу сиёсатчи Либерал-демократик партия раҳбари ҳисобланади.
Ноябрь
1 ноябрь. Мисрда йирик музейнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. У дунёдаги энг катта археологик мажмуаси ҳисобланиб, фиръавн Тутанхамон мақбарасидан топилган буюмларнинг кенг тўплами билан машҳур.
4 ноябрь. Демократ социалист сиёсатчи Зоҳран Мамдани Нью-Йорк шаҳри мэри этиб сайланди. У 2024 йил октябрь ойида ўз номзодини илгари сурганида шаҳарда яшашни арзонлаштириш ваъдаси билан сайловда машҳурроқ рақибларини доғда қолдириб, ғалабани илиб кетди.
10 ноябрь. Деҳли шаҳридаги “Red Fort” (Қизил қалъа) яқинида автомобиль портлаши оқибатида 10 дан ортиқ киши ҳалок бўлди ва 20 киши жиддий жароҳатланди.
20 ноябрь. Мексикалик рассом Фрида Калонинг “El sueño” картинаси кимошди савдосида 54,7 миллион долларга сотилди.
24 ноябрь. Ҳинд киносининг афсонавий сиймоси, “Зита ва Гита”, “Гул ва тош”, “Али бобо ва қирқ қароқчи” каби фильмларда эсда қоларли роллари билан танилган актёр Дҳармендра 89 ёшида вафот этди.
26 ноябрь. Гонконгдаги турар-жой мажмуасида ёнғин чиқиб, 40 соатдан ортиқ давом этди. Сифатсиз қурилиш материаллари сабаб бўлгани айтилган ёнғин оқибатида 150 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
Декабрь
10 декабрь. Австралияда 16 ёшдан кичиклар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун кучга кирди.
16 декабрь. Инглиз ёзувчиси Жейн Остин таваллудининг 250 йиллиги нишонланди. Адиб ижодий фаолияти давомида “Сезги ва ақл” (1811), “Андиша ва ғурур” (1813) ва “Эмма” (1815) каби севиб ўқиладиган романларни ёзган.
P/s: Мақолада йилнинг энг асосий воқеаларини санаб ўтдик, холос. Умуман, 2025 йил дунё иқтисодиёти, сиёсий ва ижтимоий ҳаётида баъзан ёрқин, гоҳи ғамгин из қолдирди. Тилагимиз – зиддият, ғалаён ва офатлар ҳеч қачон рўй бермасин. 2026 йил тинчлик, тотувлик, соғлик-саломатлик ва қут-баракали йил бўлсин!
Ўткир Алимов, ЎзА