"Йил ўқитувчиси" бўлиш — ютуқ эмас, масъулият!
“Келажак бунёдкорлари“ лойиҳасининг илк қаҳрамони “Йил ўқитувчиси“ танлови ғолибларидан бири, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани 89-мактаб ўзбек тили ўқитувчиси — Ситорабону Атабаева.Ўқитувчилик шунчаки касб эмас, балки миллат келажагини шакллантирадиган буюк миссиядир. "Йил ўқитувчиси" мақомига лойиқ кўрилиш эса ушбу касб эгасига икки ҳисса юқори масъулият ва мажбурият юклайди.
Ўзбекистонда мамлакатнинг турли ҳудудларидан 46 мингдан ортиқ педагог иштирок этган “Йил ўқитувчиси” касбий танловининг ғолиблари аниқланиб, танлов якунларига кўра, 208 нафар ўқитувчи ўз туман ва шаҳарларида биринчи ўринни эгаллади. Беллашув давомида педагогларнинг касбий кўникмалари баҳоланди. Бунда таълим сифатини оширишга хизмат қиладиган илғор тажрибага алоҳида эътибор қаратилди.
208 нафар ғолибнинг ҳар бири 616 млн сўм миқдорида пул мукофоти олгани ҳақидаги хабарлар эса дилларни қувонтириб, айниқса устозларнинг ўз касбига бўлган ғурур ва фахр билан қаторда, ўз юртида қадр топиш ҳиссини уйғотди десак муболаға бўлмайди.
Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА