Ёшлар учун янги имкониятлар
Дарҳақиқат, мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврида олар экан.
Халқимизда “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир”, деган ибратли гап бор. Дарҳақиқат, мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврида олар экан. Бундан кўринадики, фарзанд тарбиясида мактабгача таълим ташкилотларининг ўрни ва ролини таъкидлашнинг ҳожати йўқ.
Бугун юртимизда ҳам фарзандлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳам четда тургани йўқ.
"TRIUMF PARADOKS" МЧЖ раҳбари, халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгаши депутати Суръат Шарипов ҳам депутатлик фаолиятининг илк кунларидан бошлаб узлуксиз таълим ва тарбияни мактабгача таълим тизимидан бошлаш зарурлигини таъкидайди.



Шу мақсадда депутат ташаббуси билан Навоий шаҳридаги “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 32-мактабгача таълим ташкилоти раҳбарияти билан ҳамкорликда ҳарбий соҳага йўналтирилган “Алпомиш” гуруҳи ташкил этилди. Машғулотлар ҳафтанинг ҳар жума куни ватанпарварлик машғулотлари ҳарбий соҳа вакиллари томонидан олиб борилмоқда.
– Президентимиз Олий Мажлисга мурожаатномасида “Ҳар бир депутат ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаши керак. Шунда депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқади, халқнинг ишончини оқлайди, меҳрини қозонади”, дея алоҳида таъкидлаган эди, – дейди 32- “Тўмарис” мактабгача таълим ташкилоти директори Нилуфар Пўлатова.
– Ҳудудимиздан сайланган депутатимиз Суръат Шарипов томонидан болажонларимиз таълим-тарбияси учун бир қатор қулайлик ва шароитлар яратиб берилмоқда. Депутат ташаббуси билан карантин даврида Навоий вилояти махсус эксплуатация-монтаж бўлими ва шаҳар ИИБ ЙХХБ мутахассислари билан хамкорликда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи махсус майдонча бунёд этилди. Энди тарбиячилар болажонларга машғулотлар давомида йўл ҳаракати қоидалари бўйича дастлабки назарий тушунчаларни амалиёт билан боғлаган ҳолда олиб боришади. Бу эса ёш авлоднинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича билимларини янада оширишга хизмат қилади.



Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида боғчамизда алоҳида боғ ташкил этилди.
– Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда депутатларимизнинг сайловчилар орасидаги обрў-эътибори ошиб бормоқда. Дарҳақиқат, агар депутатни эл-юртнинг ташвишу муаммолари қизиқтирмаса, мавжуд муаммоларни ҳал этишда билим ва тажрибаси етарли бўлмаса, у депутат сифатида халқнинг ҳурмат-эътиборини қозона олмайди, – дейди маҳалла раиси Фурқат Гулназаров. – Бу ҳақиқатни тўғри англаган депутат С. Шарипов томонидан яқинда яна бир янги лойиҳага қўл урилди. Мазкур боғчада карантин давридан унумли фойдаланган ҳолда шахмат-шашка майдончаси бунёд этилди.
Энди тарбияланувчилар ақлий салоҳиятларини янада шакллантириш мақсадида карантин тугаганидан кейин катта майдонда спортнинг ушбу тури билан шуғулланишлари мумкин бўлади. Шунингдек, депутат пандемия даврида 3 нафар ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлади.
Дарвоқе, С.Шарипов пандемия даврида халқимизга қилган холис хизматлари учун "Меҳр-саховат" кўкрак нишони билан тақдирланди.