Яшил тараққиёт сари: Марказий Осиё экологик дипломатияси янги босқичда
Муносабат
Сўнгги йилларда Ўзбекистон нафақат миллий, балки глобал миқёсда экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари билан халқаро ҳамжамият эътиборини қозонмоқда. Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси, Орол денгизи фожиаси оқибатларини юмшатиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар Ўзбекистонни минтақада “яшил” сиёсатнинг сўзсиз етакчисига айлантирди.
Бугунги кунда иқлим ўзгаришларининг салбий таъсири бутун дунёда сезилаётган бир пайтда, Ўзбекистоннинг экологик дипломатияси фаол ва натижадор тус олмоқда. Илгари сурилаётган ташаббуслар шунчаки қоғозда қолиб кетмай, реал лойиҳалар, миллионлаб дарахтларнинг ўсиши ва янги авлод энергия тизимларининг шаклланишига асос бўлмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг табиатга бўлган масъулиятли муносабати ва келажак авлод олдидаги бурчини англатиши билан бирга, минтақавий бирдамликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Жумладан, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан ўтказилган Минтақавий экологик саммит Марказий Осиё давлатларининг экологик хавфсизликни таъминлашдаги бирдамлигини кўрсатди. “Барқарор келажак учун умумий нигоҳ” бош ғояси остида ўтган мазкур форум Самарқанд иқлим форумининг мантиқий давоми бўлиб, минтақа экологик дипломатиясининг янги сифат босқичига чиққанини тасдиқлайди.
Бугунги кунда глобал исиш суръатлари Марказий Осиё учун жиддий синов бўлиб турибди. Минтақада ҳарорат дунёнинг бошқа ҳудудларига нисбатан икки баробар тезроқ кўтарилмоқда. Музликларнинг учдан бир қисми эриб кетгани, ерларнинг деградацияси ва сув ресурслари танқислиги буларнинг барчаси “яшил” сиёсатни кечиктириб бўлмас ҳаётий заруратга айлантиради.
Буни юқорида таъкидлаганимиздек, мамлакатимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Ўзбекистон бугунги кунда экологик муаммоларга қарши курашда тизимли ва аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 1 миллиард туп дарахт экилиши, Орол денгизи тубида 2 миллион гектардан ортиқ “яшил белбоғ” яратилиши мамлакатимизнинг табиатни асрашдаги қатъияти ифодасидир.
Энергетика соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда “яшил” энергетика улуши 30 фоизга етди, жорий ўн йиллик охирига бориб эса бу кўрсаткич 50 фоиздан ошади. Шунингдек, Париж битими доирасида зарарли чиқиндиларни 35 фоизга камайтириш мажбурияти муддатидан олдин бажарилди. Эндиги марра 2035 йилгача уларни икки баробар қисқартиришдир. Чиқиндиларни ёқиш орқали энергия ишлаб чиқарадиган янги заводларнинг ишга туширилиши эса йилига миллионлаб тонна чиқиндиларни утилизация қилиш ва электр энергияси олиш имконини беради.
Остона саммитида Ўзбекистон Президенти минтақавий экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган бир қатор стратегик таклифларни илгари сурди. Президентимиз илгари сурган ташаббуслар минтақа давлатларининг экологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги тарқоқ ҳаракатларини бирлаштириш ва уларга тизимли тус беришга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.
Хусусан, “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” консорциуми, чўлланиш ва чанг бўронларини кузатувчи минтақавий марказ ҳамда “яшил савдо йўлаги” каби лойиҳалар саноатни модернизация қилиш ва экологик маҳсулотлар айланмасини соддалаштириш орқали иқтисодий ўсиш билан табиатни муҳофаза қилишни уйғунлаштиради.
Шунингдек, ягона инвестиция портфели ва минтақавий атласнинг яратилиши барча ташаббусларни аниқ илмий маълумотлар ва молиявий режалар асосида, узоқ муддатли стратегик мақсадлар билан амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Иккинчи томондан, бу таклифлар биологик хилма-хилликни сақлаш ва ёш авлодни экологик кун тартибига фаол жалб этиш орқали барқарор келажак пойдеворини қуришни мақсад қилган. “Марказий Осиё Қизил китоби”нинг яратилиши ноёб табиат бойликларини асрашда умумий масъулиятни шакллантирса, 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган Бутунжаҳон ёшлар иқлим форуми келажак етакчиларини ушбу глобал масалаларга жалб қилишда муҳим платформа бўлади.
Умуман олганда, бугун замонавий экологик таҳдидлар минтақамиз барқарорлигини синовдан ўтказмоқда. Бироқ, Ўзбекистон илгари сураётган бу ташаббуслар мавжуд хавф-хатарларни янги ўсиш нуқталарига, технологик янгиланиш ва иқтисодий фаровонлик омилларига айлантириш имконини беради.
Марказий Осиё давлатларининг бирдамлиги, кўп асрлик яхши қўшничилик анъаналари ва қатъий сиёсий иродаси минтақамизни экологик фаровонлик маконига айлантиришнинг энг ишончли кафолатидир. Бир сўз билан айтганда, “Барқарор келажак” – бу шунчаки шиор эмас, балки бизнинг бугунги амалий ҳаракатларимиз натижаси бўлиши керак.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА