“Яшил макон” тадбирлари бошланди
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш акциясида Тошкент вилоят ҳокимлиги масъуллари, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳудуд фаоллари ва ёшлар қатнашди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев мазкур саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад атроф-муҳит софлигини яхшилаш, жойларда яшил майдонларни кўпайтириш эканини таъкидлади. Бундай хайрли ишлар олдидан Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг Ангрен шаҳридаги 12 ярим гектар ер обод қилиниб, 5 мингга яқин манзарали дарахт кўчати экилди.

Яқинда Президентимиз раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятларини тўлиқ ишга солиш ҳамда “Яшил макон” кузги мавсумини самарали ташкил этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида 25 октябрдан 1 декабрга қадар “кузги дарахт экиш мавсуми” деб эълон қилинганди. Вилоят бўйича жорий йилнинг кузги мавсумида 20 турдан иборат 6 миллион 893 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчати экиш белгиланган. Бунда маҳаллалар, кўп қаватли уйлар атрофига, таълим муассасалари, оилавий поликлиника ва шифохоналар, катта йўл бўйларига чинор, эман, тут, шумтол, терак, жийда, қайрағоч, япон сафораси каби дарахтлар экилади.

Тадбир доирасида барпо этилаётган боғларни аҳолига шартнома асосида бўлиб бериш ва ҳудуд иқлимига мос дарахт кўчатларини экиш айтилди. Ўз навбатида, мазкур ишларга жалб этилган аҳолининг манфаатдорлигини ошириш кераклиги таъкидланди. Акция Оҳангарон, Олмалиқ шаҳарларида ҳам давом этди. Жойларда Ўрмон хўжаликлари томонидан кўчат тарқатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилган.

– Бу каби хайрли ишлар халқимизни бирлаштиради, – дейди Тошкент вилояти “Нуроний” жамғармаси раиси Абдусамад Носиров. – Айрим маҳаллаларда қаровсиз, фойдаланилмаётган ерлар кўп. Мақсадимиз обод манзилларни кўпайтиришдир.
А.Мусаев, ЎзА мухбири