“Яшил макон”: сафарбарлик акцияси эълон қилинди
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсуми доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлили атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, жорий йилда ҳудудда баҳорги мавсум доирасида етти миллион туп атрофида дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган. Бу саъй-ҳаракатлар жойларда экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш ва яшил ҳудудлар улушини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, йиғилишда фақат кўчат экиш эмас, балки уларни парваришлаш, ўз вақтида суғориш ва сақлаб қолиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Экилган ҳар бир дарахтнинг соғлом ўсиши учун тизимли ёндашув талаб этилади. Кўчат экишдан осони йўқ, энг катта масала экилган кўчатларни сақлаб қолиш, пировард натижага эришиш. Дарҳақиқат, об-ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиб бораётгани баҳорги экиш ишларини ҳар қачонгидан ҳам тезкор ва самарали ташкил этишни тақозо этмоқда, – деди Зойир Мирзаев.

Йиғилишда, айрим ҳудудларда автомобиль йўллари ёқаларида, иҳота дарахтзорлари барпо этилиши лозим бўлган майдонларда, фермер хўжаликлари ерларининг чет қисмларида ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари ҳудудларида дарахт экиш ишларида сусткашликка йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Айрим ташкилот ва корхоналар томонидан маъмурий бинолар атрофини замонавий ландшафт дизайни асосида ободонлаштириш ишларига етарлича эътибор қаратилмаётгани тилга олинди.

Йиғилишда экология ва ўрмон хўжалиги мутахассислари билан ҳамкорликда ҳудудларнинг иқлим шароити ва тупроқ унумдорлигидан келиб чиққан ҳолда қурғоқчиликка чидамли, маҳаллий шароитга мос дарахт кўчатларини экиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, яшил майдонларни суғориш тизимларини йўлга қўйиш, ирригация манбаларини ташкил этиш, ҳар бир кўчат экилган майдон учун алоҳида ойлик оладиган масъулларни маҳаллий аҳоли вакилларидан белгилаш бўйича аниқ механизмлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, баҳор фаслида ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, мўл ва бозорбоп ҳосил берадиган экинларни экиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки ниҳол экиш ва уруғ қадаш учун кам муддат қолди. Бу ишлар тахминан 20 кун давом этади.

Вилоят раҳбари юртимиз ободлиги, табиат мусаффолиги ва аҳоли фаровонлиги учун барчани фаолликка чақириб, мазкур масъулиятли мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш зарурлигини айтди. Шу мақсадда, жорий йилнинг 15 апрелига қадар вилоят ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича кенг кўламли сафарбарлик акцияси эълон қилинди.
Унга кўра, барча ишлар махсус штаблар орқали мувофиқлаштирилиб, кунлик таҳлил қилиб бориладиган самарали назорат тизими йўлга қўйилди.
А.Мусаев, ЎзА.