“Яшил лойиҳалар”нинг амалиётга татбиқ этилиши қандай аҳамиятга эга?
Халқимиз орасида “Умрингдан бир кун қолса ҳам кўчат эк”, деган нақл бор. Ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган кўчат экиш, боғу гулзорлар яратиш борасидаги қадриятлар янги маъно-мазмун билан бойитилиб, кенг миқёсда давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига асос солинди. Мазкур ҳаракат натижасида ҳар йили миллионлаб туп дарахт ниҳоллари экилмоқда.
2025 йилда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида “яшил лойиҳалар”ни амалга ошириш кўзда тутилган. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида бу борада таклифлар киритилган.
Унга кўра, лойиҳаларда сув ва хомашёлардан самарали фойдаланиш, ҳаво ва тупроқ сифатини яхшилаш, барқарор қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, экотуризм, яшил транспорт, яшил бинолар, қайта тикланувчи энергия ва энергия самарадорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши
Таклифда 2025 йилдан бошлаб шакллантириладиган инвестиция дастурлари, тармоқ, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларнинг 10 фоизи, 2027 йилдан бошлаб 25 фоизи, 2030 йилдан бошлаб эса 50 фоизи “яшил компонентлар” бўлиши кераклиги таъкидланган. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ишлаб чиқиладиган углерод нейтраллигига эришиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, атроф-муҳитни асраш, яшиллик даражасини ошириш ва “яшил лойиҳалар”ни амалга оширишга қаратилган “яшиллик дастурлари” Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.
Қолаверса, ҳар йили давлат органлари ва ижтимоий объектларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва “яшил технология”ларни жорий қилиш бўйича экологик рейтинг юритиб борилади.
Долзарблиги
Республикада иқлим ўзгариши оқибатида об-ҳавонинг кескин кўтарилиши, музликларнинг деградацияси, чанг бўронлари сонининг кўпайиб бориши, тупроқ шўрланиши, сел оқимларининг пайдо бўлиши, қурғоқчиликка дучор бўлаётган ер майдонларининг ошиши ва бошқа омиллар салбий табиий ҳодисаларга сабаб бўлмоқда.
Саноат ишлаб чиқариш, энергетика, қурилиш, транспорт, қазилма бойликларни қазиб олиб қайта ишлаш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган инвестиция дастурлари, тармоқ, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар, иссиқхона газларининг ташланиши оқибатида иқлим ўзгаришига таъсир ўтказиб келинмоқда.
Республикада ҳаво ҳароратининг ўртача ўсиш суръати ҳар 10 йилда 0,29 даражани ташкил этган, бу кўрсаткич глобал исиш тезлигидан 2 баробарга юқори. Глобал иқлим ўзгариши натижасида Марказий Осиёда сўнгги 50-60 йил давомида музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурси 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда 2015 йилгача бўлган даврда сувнинг умумий тақчиллиги 3 миллиард куб метрдан ортиқни ташкил қилган бўлса, 2030 йилга бориб 7 миллиард куб метрни, 2050 йилга бориб эса 15 миллиард куб метрни ташкил қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси 1993 йилдан буён БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенциясининг аъзоси ҳисобланиб, ушбу Конвенциянинг Париж битими 2017 йилда имзоланган. 2018 йилда ратификация қилиниб, иссиқхона газлари ташламаларини 2030 йилга қадар 2010 йилдаги даражадан ЯИМ бирлигига нисбатан 35 фоизга қисқартириш мажбуриятини олган.
Иссиқхона газлари ташланмаларининг 76,3 фоизи энергетика, 17,8 фоизи қишлоқ хўжалиги, 4,5 фоизи саноат, 1,4 фоизи чиқиндиларни бошқариш соҳаларига тўғри келади. Ўзбекистоннинг дунё бўйича иссиқхона газлари ташланмаларидаги улуши 189 миллион тонна ёки 0,3 фоизни ташкил этади.
Қандай фойда беради?
"Яшил лойиҳалар"нинг амалга оширилиши натижасида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш, шунингдек, “яшил” иқтисодиётга ўтишга кўмаклашишга эришилади. Сув, ҳаво ва тупроқ сифати таъминланади. Давлат органлари ва ижтимоий объектларнинг экологик рейтинги юритилиши эса ҳар бир раҳбар ва фуқаронинг ўзи масъул бўлган ҳудудда атроф-муҳитни асрашдаги дахлдорлик ҳисси ва масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА