Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Хамзаев бошчилигидаги Ишчи гуруҳи Навоий вилоятида бўлиб, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан яқиндан танишди.
Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб Кармана туманида жойлашган йирик қуёш фотоэлектростанциясида бўлди. 268 гектар майдонда жойлашган ушбу лойиҳа 2021 йил август ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компанияси томонидан 110 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган.
Бу ерда йилига ўртача 252 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Натижада 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна зарарли газларнинг чиқарилиши олди олинмоқда. Бу экологик мувозанатни сақлашда ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга.

2024 йилнинг октябрь ойида эса станция имкониятлари янада кенгайтирилиб, қўшимча 717 кВт қувватдаги замонавий қуёш панеллари ўрнатилди ва фойдаланишга топширилди. Ҳозирда яна 125 кВт қувватдаги янги панелларни ўрнатиш ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Бу эса мамлакатимизда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Ишчи гуруҳ аъзолари “Навоийазот” АЖда ҳам бўлди. Бу ерда умумий қуввати 5685 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилган. Ушбу лойиҳа ёрдамида йилига қарийб 6 миллион 848,7 минг кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
Айни пайтда корхонада атмосферага чиқариладиган зарарли ташламаларни камайтириш мақсадида муҳим модернизация ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, 60 минг тонна карбонат ангидрид газини қайта ишлаш цехи ишга туширилган. Бундан ташқари, 3- ва 23-цехларда атмосфера ҳавосига чиқариладиган аммиак, селитра чанги ва бошқа зарарли моддаларнинг миқдорини камайтириш учун замонавий фильтрлар ўрнатилган. Ушбу қурилмалар орқали атмосферага ташланадиган зарарли моддаларнинг 90 фоизи ушлаб қолиняпти.

Навоий эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “Navoi Milling Group” МЧЖда бўлган Ишчи гуруҳ аъзолари бу ерда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.
Корхонада ўрнатилган қайта тикланувчи энергия манбалари ёрдамида сўнгги 5 ой ичида 202 минг кВт электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, Ишчи гуруҳ аъзолари “SOLAR ENERGY NAVOIY” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди. Бу корхонада қуёш фотоэлектр станциялари ва қуёш сув иситгичлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар халқаро сифат ва хавфсизлик талабларига тўлиқ мос келадиган мувофиқлик сертификатларига эга. Бу ерда нафақат ускуналар ишлаб чиқарилади, балки уларни лойиҳалаш, ўрнатиш ва сервис хизматларини кўрсатиш бўйича ҳам ишлар амалга оширилади.

Бугунги кунда корхонада 40 дан ортиқ юқори малакали мутахассислар фаолият юритмоқда. Улар томонидан On-Grid, Off-Grid & Hybrid тизимларида ишловчи замонавий қуёш электр станциялари ишлаб чиқилмоқда. “А” синфига мансуб юқори сифатли энерготежамкор қуёш панеллари, турли қувватдаги инверторлар ва захира аккумуляторлар эса улгуржи ва қулай нархларда таклиф қилинмоқда.
Корхонада Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети олимлари билан ҳамкорликда қайта тикланувчи энергия соҳасида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу эса саноат ва илм-фан интеграциясининг ёрқин намунасидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири