“Yashil AI” ёрдамида кўчатларнинг ҳолати кузатиб борилади
Кўчат экиб, боғ яратиш ота-боболаримиздан мерос бўлган эзгу амаллардандир. Азалдан халқимиз ўзи яшаб турган ҳудудни ободонлаштириш, яшилликка буркаш, кўчалар ва йўл четларини турли манзарали дарахтлар билан кўркамлаштиришга алоҳида эътибор қаратишган.
Бугун ушбу азалий қадриятларимиз давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Юртимизда экологик муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида яшил майдонларни кўпайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёйгани жойларда яшиллик даражасини оширишда муҳим омил бўлаётир.
Яқинда Президентимиз “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллаларда аҳоли учун қулай экологик муҳит яратиш ва инновацион ечимларни жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди. Унда мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахтзор ва боғлар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар сарҳисоб қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб берилди, бир қатор янги ташаббус ва ғоялар илгари сурилди.
Тақдимотда айтиб ўтилганидек, ҳудудларни яшиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан бирга, экилган кўчатларни сақлаб қолиш, уларни суғориш ва парваришлашни тизимли ташкил этиш борасида камчиликлар ҳам мавжуд. Хусусан, ўтган йил баҳорда экилган кўчатларнинг маълум қисми қуриб қолгани, ҳудудлар иқлими ва тупроғига мос келмайдиган дарахтларни танлаш, сув таъминоти бўлмаган жойларга кўчат экиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши чораларнинг етарли эмаслиги бунга сабаб бўлаётгани урғуланди. Шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида барпо этилган ўрмонларни парваришлаш ва ҳимоя қилишда ҳам муаммолар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбари томонидан ушбу йўналишдаги амалий ҳаракатларнинг натижадорлигини таъминлашга қаратилган қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, соҳада замонавий технологиялардан фойдаланиш масаласига эътибор қаратилди. Бу борада “Yashil AI” модулини тажриба тариқасида ишга тушириш режалаштирилган.
Бунда сунъий интеллект ёрдамида тупроқ, иқлим ва сув таъминоти таҳлил қилиниб, кўчат экиш учун мақбул майдонлар ва дарахт турлари бўйича тавсиялар шакллантирилади. Кўчатларнинг қуриши, сув танқислиги, касаллик ва зараркунандалар хавфини эрта аниқлаш, масъулларни огоҳлантириш ҳамда натижаларни ягона харитада очиқ кузатиш имконияти яратилади.
Бугун иқлим ўзгариши, сув танқислиги каби муаммолар, ўз навбатида, чўлланиш ва деградация жараёнларини тезлаштирмоқда. Шу боис, тақдимотда чўлланишга қарши курашиш, бу йўналишда халқаро грантларни жалб қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Чўл ҳудудларидаги ер ресурслари ва доривор ўсимликлар имкониятларидан самарали фойдаланиш, хусусий сектор иштирокида яйловларда қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни бошлаш зарурлиги таъкидланиб, 2027 йил 1 июлга қадар ҳар бир ҳудудда шундай намунавий лойиҳани йўлга қўйиш топширилди.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ташаббуслари юртимизда экологик муҳитни яхшилашга тизимли ёндашув шаклланаётганини кўрсатади, — дейди Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси, партия раиси ўринбосари Ойбек Раҳимов. — Айниқса, кўкаламзорлаштириш самарасини экилган кўчатлар сони билан эмас, уларнинг бир, уч ва беш йилдан кейинги ҳолати билан баҳолаш зарурлиги жуда муҳим. Бу “кўчат экиш”дан “дарахтни вояга етказиш” тамойилига ўтиш демакдир.
Маҳаллалар кесимида “яшил харита”ларни жорий этиш, иқлим ва тупроққа мос дарахт турларини танлаш, сув таъминотини олдиндан ҳал этиш ҳамда кўчатларни мунтазам парваришлаш тизими “Яшил макон”нинг барқарорлигини таъминлайди. Замонавий технологияларни жорий этиш орқали қайси ҳудудга қандай дарахт экиш, уни қандай парваришлаш ва сувдан қанчалик самарали фойдаланишни илмий асосда белгилаш имконияти кенгаяди. Бу эса кўкаламзорлаштиришда сифат ва натижадорликни оширади, — дейди Экопартия вакили.
Дарҳақиқат, бугун долзарб тус олиб бораётган экологик муаммоларни бартараф этиш, уларнинг салбий таъсирини юмшатиш ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда. Ана шундай вазиятда ҳудудларнинг яшиллик даражасини янада ошириш, бунда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги амалий саъй-ҳаракатлар самарадорлигини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мазкур йўналишдаги ишларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани эса белгиланган вазифаларнинг сифатли бажарилиши ҳамда аҳоли ва масъулларнинг эътиборию масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА